Таълим инспекцияси Ўзбекистонда тан олинмайдиган дипломлар ҳақида маълумот берди

Жамият

image

Бугунги кунга келиб Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган аксарият олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонлари натижалари эълон қилинди ва жорий йилда ўқишга кира олган ёшлар маълум бўлди. 

Шу билан бирга қўшни Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Россия ва бошқа МДҲ давлатларидаги бир қатор олий таълим муассасалари томонидан масофадан туриб (дистанс) ёки сиртқи таълим турлари бўйича тўлов-шартнома асосида имтиҳон билан ёки синовларсиз ўқишга таклиф қилиб, тарғибот-ташвиқот ишлари амалга оширилмоқда. 

Мазкур муассасаларда ўқишга қизиқиш билдирган абитуриентлар ва уларнинг ота-оналари ушбу таълим муассасаларининг дипломлари Ўзбекистонда тан олиниши бўйича саволлар билан мурожаат қилишмоқда. 

Юқоридагиларни инобатга олиб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспексияси қуйидагиларни маълум қилди

Айни пайтда Ўзбекистонда олий таълим, кундузги, кечки ва сиртқи шаклда олиб борилади. Амалдаги қонунчиликда олий таълим олиш учун масофавий таълим шакли назарда тутилмаган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 24 июлдаги 620-сонли қарори билан билан тасдиқланган Хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш тартиби ҳақида Низомнинг 5-боб 36-бандида Хорижий таълим тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш рад этиладиган ҳолатлар кўрсатиб ўтилган. Хусусан, мазкур бандда маълумот Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида назарда тутилмаган таълим шаклида олинган бўлса рад этишга асос бўлиши белгиланган. 

Юқоридагиларга асосан хорижий ОТМларда масофадан туриб ўқигани учун берилган дипломлар Ўзбекистонда тан олинмайди. 

Бундан ташқари, бир қатор хорижий олий таълим муассасалари томонидан бакалавриат учун уч йил ёки ундан кам муддатга сиртқи таълим шакли бўйича ўқишга таклиф этилмоқда. 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 21 ноябрдаги 930-сонли қарори билан мамлакатда сиртқи таълимда ўқиш муддати 5 йил этиб белгиланган бўлиб, ҳукуматнинг 2019 йил 24 июлдаги 620-сонли қарори билан тасдиқланган Хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш тартиби ҳақида Низомнинг 5-боб 36-бандида хорижий давлатларда касбий маълумот тўғрисида ҳужжат берадиган таълимнинг умумий меъёрий даври (тўлиқ умумий ўрта ёки ўрта маълумот олингандан кейин) Ўзбекистон Республикаси таълим стандартларида назарда тутилган даврдан икки йилдан кам бўлса ҳужжатларни тан олиш рад этилиши белгиланган.

Шундай қилиб, хорижий ОТМларнинг бакалавриат йўналиши бўйича сиртқи таълим шаклида 3 йил ёки ундан кам муддатда ўқиб олинган дипломлари Ўзбекистонда тан олинмайди. 

Қуйидаги ҳолатларда хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатлар махсус синовларсиз тан олинади: 

1. Ўзбекистон ҳудудида филиаллари мавжуд ОТМларни тугатганлар; 

2. Дунё университетлари рейтингида ТОП-1000таликка кирган ОТМларни тугатганлар; 

3. Мутахассисларни мақсадли тайёрлаш учун хорижий давлатлар томонидан ажратилган квоталар ҳисобидан хорижий ОТМларни тугатганлар; 

4. 1992 йил 1 январгача хорижий ОТМларга ўқишга кирганлар; 

5. Европа сифат кафолати ассоциацияси (ENQA) томонидан аккредитацияланган ОТМларни тугатганлар; 

6. АҚШ, Австралия, Исроил, Канада, Сингапур, Жанубий Корея, Япония давлатларининг ваколатли органлари томонидан аккредитацияланган ОТМларни тугатганлар; 

7. Мутахассисларни мақсадли тайёрлаш учун Ўзбекистон Республикаси вазирлик ва идоралари томонидан ажратилган маблағлар ҳисобидан хорижий ОТМларни тугатганлар; 

8. Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорлар бўйича хорижий ОТМларга мақсадли ўқишга юборилганлар.


Мақола муаллифи

Теглар

ОТМ диплом

Баҳолаганлар

235

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг