Туркия суриялик қочқинлар учун Европа “эшикларини” очмоқда
Олам
−
29 Февраль 2020
6033Туркия Республикаси Идлибдаги вазиятнинг кескинлашиши туфайли Европага киришга уринган суриялик қочқинларни чегарада сақламайди. Бу ҳақда бугун, 29 февраль куни "Reuters" агентлиги хабар қилди.
Европа ҳозирда бундай катта қочқинлар оқимини қабул қилишга тайёр эмас. Бу Европага нисбатан Туркия томонидан қўлланган ўзига хос ультиматум эканлиги тахмин қилинмоқда.
"Биз қуруқлик ёки денгиз орқали Европага киришга ҳаракат қилаётган суриялик қочқинларни тўхтатмасликка қарор қилдик. Энди барча қочқинлар, шу жумладан, сурияликлар ҳам Европа Иттифоқи ҳудудига киришлари мумкин", деди исмини ошкор қилишни истамаган расмий.
Унинг қўшимча қилишича, Туркия полицияси, қирғоқ қўриқчилари ва чегара хизмати қочқинларнинг қуруқлик ва денгиз йўлларидаги ҳаракатига аралашмасликлари керак.
Ҳозирда Россия томонидан қўллаб-қувватланадиган Сурия ҳукумати кучлари ва Туркия қўллаб-қувватлаётган суриялик мухолиф кучлар ўртасида зиддиятлар кучайган. Февраль ўртасида бошланган уруш ҳаркатлари оқибатида Идлибнинг аҳоли турар жойлари бомбордимон қилинди. Бунинг оқибатида бир миллионга яқин суриялик ўз мамлакатини ташлаб кетишга мажбур бўлмоқда.
Эслатиб ўтамиз, жума куни кечаси Суриянинг Идлиб вилоятида камида 33 нафар турк аскари Башар Асад армияси ва Россия қўшинларининг ҳаво ҳужумлари натижасида ҳалок бўлганди.
Нуруллоҳ Шарипов
LiveБарчаси