... 2017 йил – “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”
МЕНЮ
ONLINE TV

“Кўсем” сериали ҳақида сиз билиб-билмаган маълумотлар


10:23, 08.09.2017 Кино
 10 114

“Муҳташам юз йил. Кўсем империяси” сериали суратга олинишидан аввал барча актёрлар дала шароитидаги махсус оромгоҳларда тайёргарлик кўришган.

“Муҳташам юз йил” (“Великолепный век”) тарихий турк сериали кўпчилик томошабинлар орасида оммалашиб кетган эди.
 
Кимлардир Султон Сулаймоннинг ақли ва топқирлигини таъкидласа, яна кимлардир Хуррем Султоннинг (Александранинг) латофатига, ҳар қандай вазиятдан силлиққина чиқиб кета олиш маҳоратига қойил қолди.
 
Ҳа, чиндан ҳам сериални кўрган инсон ранг-баранг образлар орқали турли вазиятларга гувоҳ бўлади. Сериалнинг бирор сонини ҳам ўтказмай кузатиб борган мухлислар унинг тугашини асло исташмади.
 
Шу боис бўлса керак, Дурул Тайлан ва Ягмур Тайланлар режиссёрлигида мазкур сериалнинг мантиқий давоми ҳам суратга олинди. Сериал номига у қадар катта ўзгартириш киритилгани йўқ. “Муҳташам юз йил. Кўсем империяси”.
 
Унинг илк премьераси 2015 йил 12 ноябрда “Star TV” телеканалида бўлиб ўтди. Россиянинг “Домашний” телеканали орқали эса 2017 йилнинг 7 январь санасида эфирга узатилди.
 
Табиийки, бу сериал Ўзбекистон ҳалқи орасида ҳам барча турк сериаллари каби илиқ кутиб олинди. Ҳозирда “Кўсем” номи билан оммалашиб бораётган мазкур сериал “Миллий ТВ” телеканали орқали намойиш этилмоқда.
 
Янги сериал томошабинларни Султон Сулаймондан юз йилдан кейин Усмонийлар империясига ҳукмронлик қилган Султон Аҳмад I давридаги воқеалар билан таништиради.
 
Сериал яратувчиларининг айтишича, “Муҳташам юз йил. Кўсем империяси” суратга олинишидан аввал барча актёрлар дала шароитидаги махсус оромгоҳларда тайёргарлик кўришган. Бир неча ҳафта давомида улар очиқ майдонда яшашган, овқат тайёрлашган, ёғоч кесишган. Бу уларга ўз қаҳрамонларини яна ҳам яхшироқ тушунишларига, яъни ўз ролларини юракдан ижро этишларига замин яратган.
 
Шунингдек, маълум бўлишича, “Муҳташам юз йил” сериалини яратиш учун 4 000 000 турк лираси сарф этилган бўлса, “Кўсем” сериалига янада кўпроқ маблағ сарфланган. Буни қарангки, сериалнинг илк қисми 20 кун мобайнида суратга олинган. Албатта, бу оз вақт эмас. Сабаби, турк сериалларида ҳар бир қисм асосан 3–4 кун ичида суратга олинади.
 
Сериалда бир қанча машҳур турк актёр ва актрисалари иштирок этган. Султон рафиқасининг турли даврлардаги ролини тўрт нафар актриса ижро этади. Улар орасида голливудлик актриса Сара Хайланд ҳам бор.
 
Кўсемнинг қизлик пайтидаги ролини Берен Саат, асосий даврдаги ролини эса малласоч грек актрисаси Анастасия Тсилимпоу ижро этади. Ахмед I султон образини эса актёр Экин Коч гавдалантирган.
 
“Ахмед султон — Усмонийлар империясининг ҳукмдори. У сериалнинг ҳар бир қисми давомида улғаяди ва борган сари бешавқат бўлиб боради. Аввалига у атрофдагиларнинг фикрига қулоқ солган бўлса, касалликдан тузалгач, бўлиб ўтган воқеаларга афсусланиш туйғусини туяди”, дейди актёр Экин Коч.
 
Ахмед I нинг бувиси Сафие Султон роли Хюлья Авшар томонидан маромига етказиб ижро этилган. Албатта, сериалда грек актрисаси Анастасия Тсилимпоу иштирокини кўриш томошабинни бироз таажжублантириши мумкин. Бироқ, актрисанинг айтишича, ушбу сериалда роль ижро этиш у учун кутилмаган таклиф бўлган.
 
“Грецияда Сулаймон Султон жуда машҳур бўлган. У менда катта таассурот уйғотган эди. Мана энди мен ҳам шу сериалнинг бир қисмига айландим, бундан эса жуда хурсандман. Чунки бу менга катта орзу эди. Продюссерлар менга ушбу ролни таклиф этишганда, тушундимки, ролни бор актёрлик маҳоратим, турли эмоциялар билан ижро этишим керак. Ва дастлаб мен инглиз тилида гапирдим, бироқ улар мендан турк тилида гапиришимни талаб қилишди. Начора, ушбу ролни жуда ҳам ижро этгим келгани боис, қанчалик қийин бўлмасин мен бунинг уддасидан чиқдим”, деб қўшимча қилди актриса.
 
Сериал ҳақида яна кўплаб қизиқарли маълумотларни келтириш мумкин. Масалан, актриса Берен Саат Кўсем султан ролини ижро этиш учун ўз имиджини ўзгартиришига тўғри келган. У сочини кестириб, уни бутунлай бошқа рангга бўяган.
 
“Кўсем” сериали 70 та мамлакатга сотилди ва ҳозирча 20 дан ортиқ телеканаллар орқали эфирга узатилди. Ҳа, айтгандай, мазкур сериал Голливудда суратга олинган илк турк фильмидир.
 
Сериал ҳақида маълумот тўплар эканмиз, ўзимизнинг томошабинлар фикри билан ҳам қизиқдик. Кимдан сўрамайлик, сериал уларга чиндан маъқул келганини таъкидлашмоқда. Масалан, улардан бири, инглиз тили ўқитувчиси Ирода Олимжонова қанчалик банд бўлмасин сериални кузатишни давом эттираётганини айтди.
 
“...“Кўсем” сериалини рус тилидаги таржимасини мароқ билан томоша қилдим. Ҳозир эса сериалнинг ўзбек тилига таржима қилинган вариантини ҳам кузатиб боряпман. Менга сериал бош қаҳрамони Кўсемнинг ақлли эканлиги ёқди. У турмуш ўртоғининг бутун авлодини асраб қолиш учун курашади. Ҳамма ишнинг кўзини билиши таҳсинга лойиқ. Ана шу аёл образида мен ўзимизнинг курашувчан ўзбек аёллари образини кўрдим дея оламан.”
 
Бизни кузатишда давом этинг ва севиб томоша қилаётган сериалингиз ҳақида янада кўпроқ маълумотлар билан танишиб боринг. 
Нигина Ҳакимова

Теглар:Муҳташам юз йил Муҳташам юз йил. Кўсем империяси Сара Хайланд Анастасия Тсилимпоу 

Дўстларингиз билан бўлишинг:


Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!