Олий лига баҳсларида Ўзбекистон Шахмат тарихида энг ёш чемпион аниқланди
Спорт
−
16 Июль 2019
5317Тошкент шаҳридаги Халқаро шахмат академиясида шахмат бўйича эркаклар ўртасида Ўзбекистон чемпионати – Олий лига баҳслари ўз ниҳоясига етди.
Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, мамлакат шахмат федерацияси ва бир қатор ташкилотлар томонидан ўтказилган чемпионатда, Ўзбекистоннинг энг кучли 13 нафар шахматчиси ғолиблик учун ўзаро дона сурдилар. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ’га Ўзбекистон шахмат федерацияси Матбуот хизмати маълум қилди.
13 тур давом этган чемпионатда Марат Жумаев, Нодирбек Яқуббоев, Нодирбек Абдусаттаров, Шамсиддин Воҳидов, Абдумалик Абдусалимов, Саидакбар Саидалиев ва Жавоҳир Синдоров каби кўзга кўринган шахматчилар ҳар бир ўйинда рақибларидан бироз бўлсада устун эканликларини намойиш эта олди.
Кескин ва муросасиз ўтган баҳсларда 10 очко тўплаган Жавоҳир Синдоров шоҳсупанинг биринчи поғонасидан жой эгаллади. Эътиборлиси, у бу мувофаққият билан Ўзбекистон Шахмат тарихида энг ёш чемпионга айланди. Иккинчи ҳамда учинчи ўрин бир хил 8,5 очко тўплаган Н.Ёқуббоев ва Н.Абдусатторовга насиб этди.
Ташкилотчилар томонидан мусобақада кучли саккизликка кирган шахматчилар пул мукофотлари билан тақдирланишди. Биринчи ўринга 8.700.000 сўм, иккинчи ўринга 6.000. 000 сўм, учинчи ўринга 3.500.000 сўм пул мукофоти берилди.