Шавкат Мирзиёев Рамзан Қодировга ноёб совға юборди

Олам

Ўзбекистон Президенти маслаҳатчиси Рустам Қосимов, Мусулмонлар идораси раиси-муфтий Усмонхон Алимов, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг ўғли Исмоил Муҳаммад Содиқдан иборат делегация Чеченистон Республикаси Президенти Рамзан Қодиров билан учрашди.

Делегация Чеченистонга Европадаги энг катта масжид “Мусулмонлар фахри”нинг очилиш маросимида иштирок этиш учун ташриф буюрганди.

Рамзан Қодиров икки давлат халқларининг алоқалари мустаҳкамлигини ҳамда Чеченистон ўзаро муносабатлар янада мустаҳкамланиши ва кенгайишидан манфаатдор эканлигини таъкидлади.

“Биз Ўзбекистонга чуқур эҳтиром билан ёндашамиз. Бу республика Ислом дини билан боғлиқ бой тарихга эга. У мусулмон уммасига кўплаб атоқли олим ва дин арбобларини туҳфа этган, динимиз тарқалишида муҳим роль ўйнаган. Бизнинг биринчи Президентимиз, Россия қаҳрамони Аҳмад-Ҳожи Қодиров исломий фанларни Ўзбекистонда ўрганган. Рустам Қосимов Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг табрик сўзларини етказди. У Чеченистонда юз бераётган ижобий ўзгаришлардан ҳайратда эканлигини билдирди. Учрашув давомида Рустам Қосимов менга жуда нодир совға – Тошкентдаги Мўйи Муборак мадрасасида сақланаётган қадимий Қуръон қўлёзмасининг нусхасини тақдим этди. Азиз меҳмонимизга миннатдорлик билдирдим. Қардош Ўзбекистон Республикасининг янада ривожланиши ва гуллаб-яшнашини тиладим”, деди Қодиров.

Эслатиб ўтамиз, 23 августда Чеченистоннинг Шали шаҳрида Европадаги энг катта – Муҳаммад пайғамбар (с.а.в.) номидаги “Мусулмонлар фахри” масжиди очилди.

Шали шаҳрида қад ростлаган улуғвор ва кўркам масжид кўп асрлик бой меъморчилик анъаналарини безавол сақлаб келаётган маҳоратли ва қўли гул ўзбек меъморлари томонидан лойиҳалаштирилган ва Марказий Осиёга хос услубда барпо этилган.

Лойиҳа муаллифи – Ўзбекистонда кўплаб масжидларни яратишда иштирок этган ўзбекистонлик архитектор Абдуқаҳҳор Турдиев. Унинг айтишича, дунёда Шали масжидига ўхшаш масжид дунёнинг ҳеч бир бурчагида йўқ.

2012 йилда қурилиши бошланган ушбу масжид тўрт томондан кириш қисмига эга. Бинонинг ташқи ва ички томони оқ рангдаги тошлар, ўзбекона услубдаги орнамент ва нақшлар билан безатилган, шарқона безаклар билан уйғунлашиб кетган. Масжид қадимий Бухоро ва Самарқанд масжидлари услубига ўхшаш. Уни чор атрофдан тўрт минора ўраб туради. Уларнинг ҳар бирининг баландлиги 63 метрни ташкил этади. Масжид гумбазлари эса 43 метр баландликда барпо этилган. Масжиднинг ички ва ташқи деворлари оқ юнон мармари билан безатилган.

Маълумотларда қайд этилишича, масжидда бир вақтнинг ўзида 30 мингдан зиёд киши ибодат қилиши мумкин экан.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев масжид Рамзан Қодиров

Баҳолаганлар

130

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг