Ўғлига қўшилиб Дубай Амири ҳам Ўзбекистонга келгани маълум бўлди

Жамият

image

Аввалроқ, жорий йилнинг 13 октябрь куни Дубай амирлигининг тахт вориси Шайх Ҳамдан ибн Муҳаммад Ал-Мактум лочин билан ов қилиш мақсадида Навоий шаҳрига келгани ҳақида хабар берган эдик. 

Шаҳзодага қўшилиб унинг отаси БАА вице-президенти, Бош вазири, Дубай амири Муҳаммад ибн Рошид Ал-Мактум ҳам Ўзбекистонга ташриф буюрган. Буни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг кенжа куёви – Президент хавфсизлик хизмати раисининг биринчи ўринбосари – Триатлон федерацияси раиси Отабек Умаров Instagram’даги саҳифаси орқали очиқлади. 

Отабек Умаровнинг сўзларидан англашилишича, икки томон ўзаро бизнес ҳамкорликни ривожлантирмоқда ва бу борадаги қарашлар ҳам муштарак. Жумладан, Отабек Умаров шундай ёзади: 

"Халқимизга хос азалий фазилатлардан бири шуки, ҳатто, бизнес муносабатларидаям ўзаро дўстона ишонч сақланиб қолиши керак. Бирлашган Араб Амирликларидан ташриф буюрган меҳмонларимиз билан учрашувимиз дўстона, ўзгача руҳда ўтганининг боиси ҳам шундадир, балки. ⠀
Мулоқот давомида Ўзбекистон ва Араб Амирликларининг кўп масалаларда мақсад ва  қарашлари ўхшаш эканлигига яна бир марта гувоҳ бўлдим. Бу эса икки мамлакат ўртасида барча соҳаларда ўзаро алоқаларни янада ривожлантиришга мустаҳкам замин яратади. ⠀

Умид қиламан, бу каби ташрифлар мунтазамлик касб этиб, республикамизнинг ташқи иқтисодий фаолиятига ижобий таъсир кўрсатади".

Ўзбекистонда меҳмон бўлган олий мартабали шахсларга мамлакат Президентининг куёвлари - Ойбек Турсунов ва Отабек Умаров, қолаверса, оиланинг бошқа аъзолари пешвоз чиққан. 

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг март ойида БААга ташриф буюриб, мамлакат вице-президенти, Бош вазири, Дубай Амири Муҳаммад ибн Рошид Ал-Мактум билан учрашув ўтказган эди. Унда ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш юзасидан қатор ҳужжатлар имзоланган.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Дубай Отабек Умаров Шайх Ҳамдан ибн Муҳаммад Ал-Мактум

Баҳолаганлар

885

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг