Қашқадарёда айиқ нимталанаётгани акс этган видео ўрганиб чиқилди
Жамият
−
28 Ноябрь 2019
8181Аввалроқ, Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида Ўзбекистон Қизил китобига киритилган қўнғир айиқ ўлдирилгани ҳақида хабар берган эдик. Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси Қашқадарё вилояти бошқармаси томонидан ижтимоий тармоқларда тарқалган видео ўрганиб чиқилди.
Мазкур видео лавҳада исми шарифи тилга олинган “Нуробод” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи фуқаро Ботиров Сайдулло билан суҳбат ўтказилганда ҳолат 2016 йил май ойида содир бўлгани, фермер хўжалигида ишчилар ишлаётган вақтда номаьлум айиқ келиб қолгани ҳамда укаси Тоғаев Сирожга ҳамла қилиб, қорин қисмидан тишлаб 40-50 метрлар чамасида судраб кетаётганида Тоғаев Сардор ва Тоғаев Ислом шоха ҳамда кетмон билан уриб ўлдиргани, сўнг жароҳатланган Тоғаев Сирожни касалхонага олиб кетилгани маълум бўлди. Ёзиб берган тушунтириш хатида айиқни ишчилар уйига олиб кетгани, терисини шилиб ички ишлар бўлимига олиб келингани баён қилинган.
Шу билан бирга, воқеанинг бевосита иштирокчилари – Тоғаев Сирож, Тоғаев Сардор ва Тоғаев Ислом билан суҳбат давомида улар чорва молларига хашак йиғаётган вақтларида айиқ Тоғаев Сирожга ҳужум қилганлиги, у эса хушидан кетганлиги, улар айиқни кетмон ва шоха билан уриб ўлдирганликлари, Тоғаев Ислом Тоғаев Сирожни касалхонага олиб кетганлиги маълум бўлди. Улардан олинган тушунтириш хатларида Тоғаев Сардор ўлган айиқни уйига олиб келиб, терисини гўштидан ажратиб олганлиги ва 2 ойлардан кейин айиқ терисини туман ИИБга олиб келинганлигини кўрсатиб ўтишган.
Эслатиб ўтиш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига киритилган қўнғир айиқни овлаш тақиқланган ва у муҳофаза остига олинган.
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида йўқ бўлиб кетиш хавфи остидаги ёввойи фауна ва флора турлари билан халқаро савдо қилиш конвенциясининг (CITES) 1-иловасига киритилган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Биологик ресурслардан фойдаланишни тартибга солиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасида руҳсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тартиби тўғрисида”ги 2014 йил 20 октябрдаги 290-сон қарори 2-иловаси билан тасдиқланган “Ҳайвонот дунёси объектларидан фойдаланиш соҳасида рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 14-иловаси “Ҳайвонот дунёсидан фойдаланиш тартибининг бузилиши сабабли етказилган зарар ҳажмини ҳисоблаш учун тўловлар” миқдори бўйича ёши, катталиги, оғирлиги ва жинсидан қатъий назар ҳар бир ҳайвон (калласи, териси, шохи ва бошқалар) учун жисмоний ва юридик шахслар учун энг кам ойлик иш ҳақига нисбатан 100 коэффициент миқдорида зарар ҳисобланиши белгиланган.
Юқорида баён этилган ҳолат юзасидан тўпланган маълумотлар Қашқадарё вилояти прокуратурасига тақдим этилди. Қўнғир айиқ ноқонуний тартибда ўлдирилган бўлса, айбдор шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида белгиланган тартибда чора кўрилади ва етказилган зарар ундириб олинади.
LiveБарчаси