Сардобага юборилган ёрдамлар нега одамлар қўлига етиб бормай, ёмғирда қолди?

Жамият

image

Ижтимоий тармоқларда Сирдарё вилоятидаги “Сардоба” сув омборининг ёрилиши ва аҳоли уйларининг сув остида қолиши ортидан Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлардан Сардобага ёрдам юклари юборилди. Улардан бирламчи зарур воситалардан тортиб, ётоқ анжомлари, болалар ва катталар кийим-кечаклари, озиқ-овқат ва гигиеник воситалар, идиш-товоқлар ўрин олди. 

Ижтимоий тармоқларда эса шу кунларда юборилган тонналаб ёрдамлар ҳақиқий эҳтиёжмандлар қўлига етиб бормаётгани, расмийлар уларни омборларда сақлаётгани ҳақида мурожаатлар тарқалди. 14 май куни эса интернетда Сирдарёдаги оилаларга ёрдам сифатида аҳоли томонидан юборилган буюмлар ер билан битта бўлиб ётгани, ёмғирда қолгани акс этган сурат тарқалди ва ушбу сурат жамоатчилик, жумладан Сардобага ёрдам акциясида иштирок этган кўнгиллиларнинг эътирозига сабаб бўлди. Ушбу ҳолат бўйича Сирдарё вилояти ҳокимлиги расмий муносабат билдирди. Унда шундай дейилади: 

“Бу ҳолат Гулистон шаҳри Н.Зокиров кўчаси 1-уйда жойлашган вақтинчалик омборхонада кузатилган бўлиб, бу омбор “Сардоба” сув омборида фавқулодда ҳолат юз берганлиги муносабати билан кўнгиллилар томонидан инсонпарварлик ёрдами сифатида юборилган кийим-бош ва бошқа уй-рўзғор буюмларини қабул қилишга мўлжалланган.

Мазкур омборга юборилган буюмлар, аввал Маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш бошқармаси ҳодимлари Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Сирдарё вилояти Кенгаши томонидан жалб этилган фаол ёшлар (волонтёрлар) томонидан очиқ майдонда сараланади, шундан сўнг эпидемиологик хавфсизликни таъминлаш юқумли касалликлар тарқаши эҳтимолини камайтириш мақсадида дезинфекция қилинган ҳолда, турларига қараб омборнинг ёпиқ қисмига жойлаштирилади.

Барчамизга маълумки, жорий йилнинг 13-14 май кунлари Гулистон шаҳрида вақти-вақти билан ёмғир ёғиши кузатилди. Ижтимоий тармоқларда тарқалган ва одамлар таъбини бироз хира қилишга сабаб бўлган ҳолат, айнан кўнгиллилар томонидан юборилган буюмларни юк машиналаридан тушурилиб, саралаш жараёни кетаётган бир вақтда кучли ёмғир ёғган.

Табиийки, бу ҳолатга у ерда фаолият юритаётган волонтёрлар омборнинг ёмғирдан панароқ қисмида ёмғир тинишини кутиб туришган. Ҳудди шу вазиятда номаълум шахс томонидан суратга олиниб, унинг ижтимоий тармоқда тарқалишига сабаб бўлган”.

Интернетда тарқалган эътирозларда Сардобага йўлланган инсонпарварлик ёрдамидан ўрин олган маҳсулотлар ва буюмлар эҳтиёжманд оилаларга “прописка” асосида тарқатилаётгани айтилган. Ҳокимлик ушбу эътирозларга ҳам тушунарсиз изоҳ берди: 

“Энди ушбу маҳсулотларнинг тарқатилишида “прописка” асосида тарқатилиши масаласига тўхталадиган бўлсак, юқорида таъкидлаганимиздек, аввал сараланиб, буюмлар дезинфекция қилинганидан сўнг фавқулодда вазиятда зарар кўрган ҳамда вақтинча эвакуация қилинган аҳолига етказилмоқда”.


Мақола муаллифи

Теглар

Сардоба сув омбори

Баҳолаганлар

834

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг