Диний қўмитага оид қарор чиқди
Жамият
−
02 Октябрь 2019
10417Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари порталига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори жойлаштирилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги
Дин ишлари бўйича қўмита тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Диний-маърифий соҳа фаолиятини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”
2019 йил 4 сентябрдаги ПҚ–4436-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 2-иловага мувофиқ айрим қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитаси манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни икки ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Ёшлар сиёсати, маданият, маънавият, оммавий ахборот воситалари, ижодий ва жамоат ташкилотлари масалалари котибияти ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси А. Ахмедовга юклансин.
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита (кейинги ўринларда Қўмита деб аталади)нинг мақоми, асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари, жавобгарлиги, фаолиятини ташкил этиш ва ҳисобот бериш тартиби, шунингдек, унинг раҳбарларининг функционал вазифалари ва масъулиятини белгилайди.
2. Қўмита:
дин ишлари соҳасида ягона давлат сиёсатининг амалга оширилишини таъминлашга масъул ваколатли давлат бошқарув органи ҳисобланади;
жамиятда “жаҳолатга қарши маърифат” улуғвор ғоя асосида диннинг асл инсонпарварлик моҳиятини, эзгулик, тинчлик ва инсонийлик каби фазилатлар азалий қадриятлар ифодаси эканлигини тарғиб этиш мақсадида барча давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотларига бу борадаги фаолиятни амалга оширишга кўмаклашади;
мамлакатдаги диний-ижтимоий жараёнлар ҳамда диний бағрикенгликни таъминлаш масалаларини ўрганиш натижалари асосида илмий-тадқиқот ишларини қўллаб-қувватлаш, тарғибот ва ташвиқот тадбирларини ўтказиш чораларини кўради.
3. Қўмита ўз фаолияти юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига бўйсунади ва ҳисобот беради.
4. Қўмита ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, бошқа қонун ҳужжатларига, шунингдек, мазкур Низомга амал қилади.
5. Қўмита ўз фаолиятини давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар, шу жумладан халқаро ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликда амалга оширади.
6. Қўмитанинг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, юридик ва жисмоний шахслар томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади.
7. Қўмита юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири ва ўз номи туширилган муҳр ва бланкаларга, мустақил балансга, шахсий ғазна ҳисобварақларига, банк ҳисоб рақамларига, шу жумладан хорижий валютадаги банк ҳисоб рақамларига эга бўлади.
8. Қўмитанинг расмий номи:
а) давлат тилида:
тўлиқ – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита;
қисқартирилгани – Дин ишлари бўйича қўмита;
б) рус тилида:
тўлиқ – Комитет по делам религий при Кабинете Министров Республики Узбекистан;
қисқартирилгани – Комитет по делам религий;
в) инглиз тилида:
тўлиқ – Committee of religious affairs under the Cabinet of Ministers Republic of Uzbekistan;
қисқартирилгани – Committee of religious affairs.
9. Қўмитанинг жойлашган жойи (почта манзили): Тошкент шаҳри, Шайхонтоҳур тумани, А.Навоий кўчаси 4–уй.
2-боб. Қўмитанинг асосий вазифалари ва функциялари
10. Қуйидагилар қўмитанинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари ҳисобланади:
виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ дин ишлари соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш;
Ўзбекистон Республикасининг дунёвий давлат тамойилини амалий рўёбга чиқариш, фуқароларнинг виждон эркинлиги кафолатларини ҳимоя қилиш;
диний мутаассиблик ва экстремизм ғояларини тарқатиш, турли конфессиялар ўртасида адоватни юзага келтиришга қаратилган хатти-ҳаракатларга йўл қўймаслик чораларини кўриш;
жамиятда диний-маърифий муҳит барқарорлиги ва эътиқод эркинлигига таҳдид туғдириши мумкин бўлган омилларни ўрганиш, таҳлил қилиш ва уларнинг олдини олиш чораларини кўриш, шунингдек, ушбу жараёнларда диний-маърифий соҳа вакилларининг иштирокини кенгайтириш;
давлат органларининг диний ташкилотлар билан ўзаро алоқаси ва ҳамкорлигини мувофиқлаштириш ҳамда давлат сиёсатида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган диний ташкилотлар манфаатларини акс эттириш;
аҳоли орасида конфессиялараро тотувлик ва диний бағрикенгликни мустаҳкамлаш бўйича тарғибот ва ташвиқот ишларини олиб бориш;
фуқароларнинг хорижий давлатларга ҳамда чет эл фуқароларининг Ўзбекистонга зиёрат туризмини амалга ошириши учун шарт-шароитлар яратиш;
экстремизм, сепаратизм ва мутаассиблик ғоялари таъсирига тушиб қолган шахсларни, айниқса ёшлар ва хотин-қизларни соғлом ҳаётга қайтариш, жамиятда тинчлик ва тотувлик муҳитини мустаҳкамлаш борасида маърифий-тарбиявий ишларни олиб бориш, бу борада илғор хорижий тажриба асосида таклифлар тайёрлаш;
манфаатдор ташкилотлар билан ҳамкорликда аҳолининг диний-ижтимоий жараёнларга муносабатини ўрганиш бўйича социологик сўровларни ташкил этиш.
11. Қўмита ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни бажаради:
а) виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ дин ишлари соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш борасида:
маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан биргаликда виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ диний масалаларни ҳал қилишда ягона давлат сиёсатини амалга оширади;
давлат органларининг диний ташкилотлар билан ўзаро муносабатларини мувофиқлаштиради ҳамда виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг ижроси устидан назоратни амалга оширади;
дин соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий мақсади, вазифалари ва принципларини кенг жамоатчиликка, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбар ва ходимларига тушунтириш, уларнинг фаоллиги, ташаббускорлигини ошириш ишларини олиб боради;
диний таълим муассасалари фаолияти белгиланган тартибда лицензияланиши, лицензиатлар томонидан лицензия талаблари ва шартларига риоя этилиши устидан назоратни ташкил қилади, лицензиялар реестрини юритади;
диний ташкилотларнинг, шу жумладан, диний таълим муассасаларининг фаолиятини, уларнинг ўқув жараёни ва дастурларини, ўқув-тарбиявий ишларини, фанлар бўйича ўқув режаларини, диний мавзудаги илмий-тадқиқот ишларини мувофиқлаштиради, уларга ушбу фаолиятни амалга оширишда ташкилий, ҳуқуқий, методик ёрдам кўрсатади;
республикада чиқариладиган ёки чет эллардан келтириладиган диний тусдаги маҳсулотларни (матбуот ва электрон нашрларни, аудио, видео кассеталарни, СD, DVD ва бошқа электрон ташувчиларни, Интернет бутунжаҳон ахборот тармоғида жойлаштирилган диний материалларни) экспертизадан ўтказади ва мазкур фаолиятни мувофиқлаштиради;
виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар фаолиятига тааллуқли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда қатнашади;
фуқаролар ва диний ташкилотларнинг мурожаатларини кўриб чиқади, диний муносабатлар соҳасида қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш чораларини кўради.
б) Ўзбекистон Республикасининг дунёвий давлат тамойилини амалий рўёбга чиқариш, фуқароларнинг виждон эркинлиги кафолатларини ҳимоя қилиш борасида:
Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг, шунингдек, диний эътиқодидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида истиқомат қилувчи чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг диний эркинлигини таъминлашнинг қонуний чораларини кўради;
дунёвий давлат тамойилини амалий рўёбга чиқариш, фуқароларнинг виждон эркинлиги кафолатларини ҳимоя қилиш борасида тегишли чоралар белгилайди ҳамда манфаатдор ташкилотлар билан ҳамкорликни йўлга қўяди;
диний ташкилотлар раҳбарларининг дунёвий давлат тамойиллари, Ҳукуматнинг диний соҳадаги сиёсати моҳияти, амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақидаги тушунча ва дунёқарашини кенгайтириш мақсадида маърифий тадбирлар ташкил этиб боради;
виждон эркинлиги кафолатларининг бузилиши ҳолатларига нисбатан тезкор чоралар кўради;
диний ташкилотларнинг ибодат маросимларида ўқиладиган маърузалар Ўзбекистоннинг ички ва ташқи сиёсати, жамият тараққиётининг долзарб масалалари билан мувофиқ бўлишини таъминлайди;
рўйхатдан ўтган диний ташкилот аъзоларининг эркин ибодат қилиш, диний расм-русумларни адо этиши, муқаддас жойларга зиёратлар уюштириш учун шарт-шароитлар яратишда ҳамкорлик қилади.
в) диний мутаассиблик ва экстремизм ғояларини тарқатиш, турли конфессиялар ўртасида адоватни юзага келтиришга қаратилган хатти-ҳаракатларга йўл қўймаслик чораларини кўриш борасида:
диний мутаассиблик ва экстремизм ғояларини тарқатиш, турли конфессиялар ўртасида адоватни юзага келтириш ҳамда диний вазиятга салбий таъсир этувчи омилларни ўрганиш ва бартараф этиш чора-тадбирларни ишлаб чиқишда илмий-тадқиқот институтлари, ташкилотлар ва таълим муассасалари билан ҳамкорликни йўлга қўяди;
Ўзбекистонда ва хорижда юз бераётган диний-ижтимоий соҳага оид муҳим воқеаларни чуқур таҳлил қилиш ҳамда республикадаги барқарор диний-ижтимоий вазиятга таҳдид солиши мумкин бўлган салбий ҳолатларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш мақсадида республикада фаолият кўрсатаётган бошқа таҳлилий марказлар билан ҳамкорлик ва тажриба алмашувини амалга оширади;
тайёрлаш, олиб кириш, тарқатиш ман этилган, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муомалада бўлиши тақиқланган диний мазмундаги материалларнинг рўйхатини ҳар йили камида икки марта эълон қилади;
“Жаҳолатга қарши маърифат” ғояси асосида маънавий-маърифий тарғибот тадбирларни кучайтириш, диний вазият ўзгарувчан бўлган ҳудудлар бўйича манзилли “Йўл хариталари”ни ишлаб чиқади;
диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларни кенг тарғиб этиш ҳамда “Uz” доменида фаолият юритаётган диний-маърифий йўналишдаги веб-сайтларда экстремизм ва терроризмга қарши қаратилган тарғибот ишларини амалга оширишни ташкил этади.
г) жамиятда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлиги ва эътиқод эркинлигига таҳдид туғдириши мумкин бўлган омилларни ўрганиш, таҳлил қилиш ва уларнинг олдини олишга қаратилган чораларни кўриш, шунингдек, ушбу жараёнларда диний-маърифий соҳа вакилларининг иштирокини кенгайтириш борасида:
республика ҳудудлари ва хорижий давлатлардаги диний-ижтимоий жараёнларни ўрганади, таҳлил қилади, давлат органлари ва диний ташкилотлар ўртасидаги муносабатлар масалалари бўйича ахборот-таҳлилий материалларни тайёрлайди;
республикада диний-ижтимоий вазиятни мониторинг ва таҳлил қилишни амалга оширади, маънавий муҳитни яхшилаш ва барқарорлигини таъминлаш, диний вазиятни янада соғломлаштириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқади;
диний мавзуларга оид нашрлар, Интернет бутунжаҳон ахборот тармоғи ва оммавий ахборот воситалари материалларини чуқур таҳлил қилади;
диний-маърифий соҳада аҳоли, айниқса, ёшларнинг ҳуқуқий маданияти ва билимини юксалтириш, жамиятда бағрикенглик ғояларини шакллантириш ва мустаҳкамлаш бўйича чоралар кўради;
аҳолининг, айниқса ёш авлоднинг диний ва дунёвий қарашларини ривожлантиради;
жамиятда экстремизм ғоялари тарқалишининг олдини олиш, аҳолини ноанъанавий диний ҳаракатлар ва таҳдидлардан ҳимоя қилиш учун давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштиришда иштирок этади.
д) давлат органларининг диний ташкилотлар билан ўзаро алоқаси ва ҳамкорлигини мувофиқлаштириш ҳамда давлат сиёсатида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган диний ташкилотлар манфаатларини акс эттириш борасида:
давлат органлари ва муассасаларининг республика ҳудудида жойлашган диний ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлигини таъминлайди;
диний ташкилотлар илтимосига кўра, уларнинг давлат органлари билан ўзаро алоқаларига кўмаклашади ва ҳал этилиши талаб қилинадиган масалалар бўйича зарур ёрдам кўрсатади;
диний ташкилотлар, шунингдек, хорижий диний ташкилотлар билан ўзаро муносабатларга доир масалалар бўйича ишларни олиб боради;
давлат сиёсатида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган диний ташкилотлар манфаатларини акс эттиради;
диний ташкилотларнинг давлат рўйхатидан ўтиши учун зарур бўлган ҳужжатларни тайёрлашда ҳамкорлик қилади ва уларнинг рўйхатга олиниш жараёнини назорат қилади;
диний ташкилотлар томонидан ўтказиладиган уларнинг ўз фаолияти билан боғлиқ тадбирларида қатнашади.
е) аҳоли орасида конфессиялараро тотувлик ва диний бағрикенгликни мустаҳкамлаш бўйича тарғибот ва ташвиқот ишларини олиб бориш борасида:
фуқароларнинг виждон ва дин эркинлиги масалалари юзасидан ҳуқуқий саводхонлигини ошириш бўйича кенг қамровли ишларни амалга оширади;
диний ташкилотларга республикада ва чет элларда ўзаро дўстона муносабатлар ўрнатишга кўмаклашади;
диний ташкилотлар ва уларнинг аъзолари ўртасида ўзаро дўстлик ҳамда бағрикенгликни мустаҳкамлаш сиёсатини олиб боради, ушбу соҳада ташкилий ва маънавий-маърифий ишларни амалга оширади;
диний конфессиялар ўртасидаги тинчлик ва тотувликни, диний бағрикенгликни мустаҳкамлаш борасида тарғибот ва ташвиқот ишларида нодавлат нотижорат ташкилотлар билан биргаликда ҳамкорлик қилади.
ж) фуқароларнинг хорижий давлатларга ҳамда чет эл фуқароларининг Ўзбекистонга зиёрат туризмини амалга ошириши учун шарт-шароитлар яратиш борасида:
“Ҳаж” ва “Умра” тадбирларига борадиган фуқаролар рўйхатининг холисона ва ижтимоий адолат мезонлари асосида шакллантирилишини мувофиқлаштиради ҳамда муқаддас зиёратларни ташкил қилишда белгиланган тартибга қатъий риоя этилишини таъминлайди;
зиёратларни ташкил этиш ва ўтказиш жараёнларини кузатиб боради, таҳлил қилади, йўл қўйилган камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш бўйича кўрсатмалар беради;
оммавий ахборот воситаларида, шу жумладан чет элларда Ўзбекистон Республикасининг ислом цивилизациясининг маданий, тарихий ва илмий-маънавий марказларидан бири сифатидаги ўрни ва роли, шунингдек, диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларни тарғиб этиш ишларини олиб боради;
республика ва хорижий давлат муассасалари, диний ташкилотлар ўртасида зиёрат туризми соҳасида алоқалар ўрнатиш ва ривожлантириш масаласида ишларни ташкил қилади;
зиёрат туризми тармоғини бошқаришни тубдан такомиллаштириш, миллий зиёрат туризми маҳсулотларини яратиш ва уларни жаҳон бозорларида тарғиб қилиш, диний туризм соҳасида Ўзбекистоннинг ижобий қиёфасини шакллантириш бўйича таҳлилий маълумотлар тайёрлайди;
з) экстремизм, сепаратизм ва мутаассиблик ғоялари таъсирига тушиб қолган шахсларни, айниқса ёшлар ва хотин-қизларни соғлом ҳаётга қайтариш, жамиятда тинчлик ва тотувлик муҳитини мустаҳкамлаш борасида маърифий-тарбиявий ишларни олиб бориш, бу борада илғор хорижий тажриба асосида таклифлар тайёрлаш борасида:
экстремистик гуруҳлар таъсирига тушиб қолган шахсларни тўғри йўлга қайтариш ва реабилитация қилиш бўйича комплекс профилактик чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда ҳамкорлик қилади;
экстремистик гуруҳлар фаолиятини аниқлаш ва унга чек қўйишга кўмаклашади;
террорчилик ва экстремизмни тарғиб қилишга, хориждан шу мақсадда мамлакатга даъватчиларнинг қонунсиз кириб келишига қарши ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ҳамкорликда чоралар кўради;
жойлардаги оммавий ахборот воситалари, расмий диний ташкилотлар билан биргаликда ноқонуний диний оқим ва гуруҳларнинг фаолияти, диннинг террорчилик, экстремизм ва бошқа жиноий кўринишларга зид эканлиги ҳақида аҳоли ўртасида кенг тушунтириш ишларини ташкил этади;
турли деструктив оқимлар таъсирига тушиб қолган шахслар билан ишлаш бўйича хориж тажрибасини ўрганади;
ёт ғоялар таъсирига тушиб қолган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган ишлар самарадорлигини ошириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқади;
зарур ҳолларда ижтимоий ҳимояга муҳтож шахслар ва уларнинг фарзандлари билан ўтказиладиган тадбирларда диний ходимлар иштирокини таъминлайди;
аҳоли, хусусан ёшлар орасида турли экстремистик оқимлар томонидан нотўғри талқин этилаётган исломий тушунчаларнинг асл мазмун-моҳиятини тушунтиришга қаратилган профилактик тадбирларни ташкил этади;
миллий қадриятлар, урф-одатлар, муқаддас анъаналар, маънавиятимизга салбий таъсир кўрсатадиган таҳдидларга қарши қаратилган тизимли тарғибот-ташвиқот ишларини олиб боради;
хотин-қизлар орасида бузғунчи ва ёт ғояларга қарши мафкуравий иммунитетни кучайтириш, бундай ғоялар таъсиридан асрашга қаратилган тизимли ва таъсирчан чора-тадбирларни амалга оширади;
хотин-қизлар ўртасида мамлакатимизда барча соҳаларда, шу жумладан диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларни тарғиб қилиш, қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари, давлат дастурларининг, ислом динининг инсонпарварлик, бунёдкорлик ҳамда маърифий ғоялари мазмун-моҳиятини тушунтиради;
миллий, диний анъаналар, урф-одатлар ҳамда қадриятларимизни асраб-авайлаш ва ривожлантириш, жамиятимизда миллатлараро дўстлик, ўзаро меҳр-оқибат, бағрикенглик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлайди;
диний соҳада қонун устуворлигини таъминлаш, отинойилар фаолиятини амалдаги қонун ҳужжатлари асосида ташкил этилишига кўмаклашади;
хотин-қизларга хос диний маросим ва тадбирларни миллий урф-одатларимиз асосида тартибга солади;
маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлиги ва соғлом турмуш тарзини қарор топтиришда хотин-қизларнинг фаоллигини оширади;
нотинч ва ноқобил оилалар, ижтимоий ва маънавий кўмакка муҳтож ҳамда ёт ғоялар таъсирига тушиб қолган хотин-қизлар билан манзилли ишларни ташкил этади;
оммавий ахборот воситалари, Интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган радикал ғояларга қарши миллий анъана ва қадриятларимизнинг кенг тарғиб этилишини таъминлайди.
и) тегишли маҳаллий ташкилотлар билан ҳамкорликда аҳолининг диний-ижтимоий жараёнларга муносабатини ўрганиш бўйича социологик сўровларни ўтказиш борасида:
диний-ижтимоий жараёнларни ўрганиш юзасидан ўтказиладиган социологик сўровномаларнинг назарий жиҳатларини ишлаб чиқишда иштирок этади;
аҳолининг диний-ижтимоий жараёнларга муносабатини тадқиқ қилиш бўйича хориж тажрибасини ўрганиб боради ҳамда уларнинг ижобий жиҳатларини маҳаллий сўровномаларга жорий этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;
ўтказилган социологик сўровномаларнинг натижалари бўйича таҳлилий маълумот ва таклифлар тайёрлайди.
12. Қўмита ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бевосита, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича ўринбосарлари орқали амалга оширади.
3-боб. Қўмитанинг ҳуқуқлари ва жавобгарлиги
13. Қўмита ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:
давлат ва хўжалик бошқаруви, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа давлат ташкилотларидан Қўмита ваколатларига кирувчи масалалар бўйича ҳужжатлар, статистик маълумотлар, таҳлилий материаллар, хулосалар ва бошқа ахборотни олиш;
Қўмитага юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш билан боғлиқ норматив-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатларнинг лойиҳаларини Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига белгиланган тартибда киритиш;
Қўмита ваколатига кирадиган масалалар бўйича давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини мувофиқлаштириш;
Қўмита ваколатига тааллуқли масалалар бўйича идоралараро тусга эга халқаро шартномаларни белгиланган тартибда тузиш;
Қўмита ваколатига тааллуқли масалалар бўйича Ўзбекистон Республикаси манфаатларини халқаро даражада белгиланган тартибда ифодалаш;
Қўмита ваколатига тааллуқли масалалар кўриб чиқилганда давлат органлари ва ҳайъатлари мажлисларида иштирок этиш;
зиммасига юкланган вазифалар доирасида бевосита ёки идоравий мансуб ташкилотлар орқали хорижий соҳавий идоралар, илмий ва таълим муассасалари билан ҳамкорлик қилиш;
белгиланган тартибда Қўмита ваколатларига кирувчи масалалар бўйича хорижий давлатларнинг ваколатли органлари билан ахборот алмашиш;
ўз ваколатлари доирасида конференциялар, семинарлар, симпозиумлар, кўргазмалар ўтказиш, шунингдек, бошқа ташкилотлар томонидан ўтказиладиган шундай тадбирларда иштирок этиш;
ўз фаолиятини кенг ёритиш мақсадида Интернет бутунжаҳон ахборот тармоғида расмий веб-сайтлар, шунингдек, ижтимоий тармоқларда ўз саҳифаларини яратиш;
ўз ваколатлари доирасида диний ташкилотларнинг, шу жумладан диний ўқув юртларининг фаолиятини, уларнинг ўқув жараёни ва дастурларини, ўқув-тарбиявий ишларини, фанлар бўйича ўқув режаларини, диний мавзудаги илмий-тадқиқот ишларини мувофиқлаштириш, уларга ушбу фаолиятни амалга оширишда ташкилий, ҳуқуқий ва методик ёрдам кўрсатиш;
диний ташкилотлардан зарур ахборотларни белгиланган тартибда олиш, шунингдек, улар томонидан ўтказиладиган фаолияти билан боғлиқ тадбирларда қатнашиш;
илмий марказлар, студиялар, нашриётлар ва босмахоналар ташкил этиш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритиш;
қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Қўмита ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш, рағбатлантириш, мукофотлаш ва рағбатлантиришнинг бошқа турларини амалга ошириш;
юкланган вазифаларни бажариш ва фаолиятини замонавий талабларга мувофиқ такомиллаштириш учун белгиланган тартибда кенгашлар, комиссиялар, ишчи гуруҳлар ва жамғармалар ташкил этиш;
алоҳида вазифаларни бажариш учун функционал бўлинмалар ташкил қилиш.
Қўмита қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
14. Қўмита ўз ваколатлари доирасида белгиланган тартибда давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, бошқа ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиш ҳуқуқига эга.
15. Қўмита қуйидагилар учун жавоб беради:
ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни тегишли тарзда ва самарали бажариш, шунингдек, тегишли соҳада давлат сиёсатини амалга оширилиши;
тегишли соҳадаги фаолиятнинг асосий кўрсаткичлари бўйича параметр ва белгиланган индикаторларга эришилишини сўзсиз таъминлаш;
Қўмита томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига ва Вазирлар Маҳкамасига киритиладиган, шунингдек, Қўмита раиси томонидан қабул қилинадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг сифати, якуний натижалари ва оқибатлари;
тегишли соҳани ривожлантириш ва ҳудудларнинг муаммоли масалаларини ҳал қилиш бўйича дастур, тадбирлар режаси, “йўл хариталари” ва бошқа ҳужжатларнинг самарали бажарилиши;
тегишли соҳада фуқаролар ва диний ташкилотларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилиши муҳофаза қилинишини таъминлаш.
Қўмитанинг қарорлари, унинг мансабдор шахслари хатти-ҳаракатлари устидан шикоят қилиш қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.
4-боб. Қўмита раҳбарларининг асосий функционал вазифалари
16. Қуйидагилар Қўмита раисининг асосий функционал вазифалари ҳисобланади:
1) Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари, шунингдек, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига риоя қилиш;
2) Қўмита фаолиятига яккабошчилик тамойиллари асосида умумий раҳбарликни амалга ошириш, Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли ҳужжатлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва бошқа қонун ҳужжатлари билан Қўмитага юкланган вазифа ва функцияларнинг бажарилишини ташкил этиш;
3) Дин ишлари соҳаси фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва Вазирлар Маҳкамаси қарорлари билан тасдиқланган комплекс дастур ва чора-тадбирлар ижросини танқидий ва чуқур таҳлил қилиш;
4) Қўмита ва уни таркибий бўлинмалари фаолияти билан боғлиқ прогноз кўрсаткичлар, мақсадли индикаторлар, сифатга ва ривожлантириш дастурларининг самарали амалга оширилишига эришишни сўзсиз таъминлаш юзасидан амалий чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш;
5) Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг таркибий тузилмалари ва Вазирлар Маҳкамасининг котибиятлари, шунингдек, тегишли вазирликлар ва идоралар билан Қўмита фаолияти соҳасига кирадиган масалалар бўйича ўзаро ҳамкорлик қилиш, масалаларнинг Вазирлар Маҳкамаси ва унинг Раёсати мажлисларида кўриб чиқилишида иштирок этиш;
6) Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари ва маслаҳатчиларининг топшириқларининг ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли ижро этилишини ташкил этиш;
7) ўз ўринбосарларининг ваколатларини белгилаш, улар ўртасида вазифаларни тақсимлаш, Қўмита бошқа мансабдор шахсларининг ваколатларини белгилаш, Қўмита фаолиятининг алоҳида тузилмаларига раҳбарлик қилиш борасида ўринбосарлари ва бошқа мансабдор шахсларининг шахсий жавобгарлик даражасини белгилаш;
8) Қўмита фаолиятини режалаштиришни ташкил қилиш, Қўмита ва ўринбосарларининг ҳар чораклик иш режаларини тасдиқлаш, уларнинг ижроси ҳолатини назорат қилиш;
9) Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва топшириқлари ижросини ташкил этиш ва мониторингини олиб боришнинг амалий тизимини яратиш, Қўмита фаолиятида ижро интизомини мустаҳкамлаш бўйича комплекс амалий чора-тадбирларни бажариш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва топшириқлари самарали ва натижали ижро этилиши, шунингдек ижро интизоми мустаҳкамланиши учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчиларининг, Вазирлар Маҳкамаси ва унинг комплекслари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда барча даражалардаги ҳокимликлар раҳбарларининг шахсий жавобгарлиги тўғрисида” 2017 йил 11 апрелдаги ПҚ–2881-сон ва “Давлат органлари ташкилотларида ижро интизомини янада мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида” 2018 йил 5 октябрдаги ПҚ–3962-сон қарорларига ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг “Ижро интизомини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида” 1999 йил 12 январдаги 12-сон қарорига мувофиқ топшириқларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши учун таркибий бўлинмалар, шунингдек, идоравий мансуб ташкилотлар раҳбарларининг шахсий масъулиятини ошириш чораларини кўриш;
10) Қўмита тизимида кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш, уларнинг самарали фаолияти учун зарур шарт-шароитлар яратиш, Қўмитанинг кадрлар захирасини шакллантириш;
11) Ўзбекистон Республикаси Президентининг, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамаси номенклатурасига кирадиган бўш лавозимларга таклиф этилган кадрларнинг, шунингдек, Қўмитага ишга қабул қилинадиган бошқа кадрларнинг профессионаллиги, ўз ишини билиши, амалий иш тажрибаси, юқори ишчанлик даражаси ва маънавий-ахлоқий сифатлари кафолатланганлигини таъминлаш;
12) фаолият соҳасидаги масалалар бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини сифатли ишлаб чиқиш, уларнинг Вазирлар Маҳкамасига “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”, “Қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш ва уларни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш тартиби тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Норма ижодкорлик фаолиятини такомиллаштириш Концепциясини тасдиқлаш тўғрисида” 2018 йил 8 августдаги ПФ–5505-сон Фармони, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 26 августдаги ПФ–5519-сон Фармони билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Регламенти ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 22 мартдаги 242-сон қарори билан тасдиқланган Вазирлар Маҳкамаси Регламенти талабларига қатъий мувофиқ равишда ўз вақтида киритилишини ташкил этиш, шунингдек, уларни Қўмитада ишлаб чиқиш, Қўмита раҳбарияти ҳузурида ҳимоя қилиш, Вазирлар Маҳкамасида кўриб чиқиш ва қайта ишлашда иштирок этиш;
13) Қўмитага киритилган таклифлар ва тақдим этилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳаларини тўлиқ ва ҳар томонлама кўриб чиқилишини, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Регламенти, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Регламентида белгиланган муддатларда ўз вақтида келишиш (виза қўйиш);
14) “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”, “Қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш ва уларни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш тартиби тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига ва Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 17 октябрдаги 345-сон қарори билан тасдиқланган Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг қонун лойиҳаларига доир фаолиятининг намунавий регламентига мувофиқ Қўмитанинг қонун лойиҳаларини тайёрлаш фаолиятини ташкил этиш;
15) Қўмита ваколатига кирувчи масалалар бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш, зарурат бўлганда бошқа вазирликлар ва идоралар билан тегишли қўшма қарорлар қабул қилиш;
16) Қўмита раҳбарлари ва ходимларининг хизмат сафарларини Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мансабдор шахсларнинг хорижий мамлакатларга чиқиш тартибини такомиллаштириш чоралари тўғрисида” 2014 йил 5 мартдаги ПҚ–2142-сон, “Хорижий хизмат сафарларида бўлиш самарадорлиги ва хорижий делегацияларнинг Ўзбекистон Республикасига ташрифларини ташкил этиш учун мансабдор шахсларнинг шахсий масъулиятини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2017 йил 3 августдаги ПҚ–3170-сон қарорлари талабларига тўла мувофиқ равишда ташкил этиш, хизмат сафарларининг асосланганлиги, самарадорлиги ва натижадорлигини, хизмат сафарларига ажратиладиган маблағлардан оқилона фойдаланишни таъминлаш;
17) ўз ўринбосарлари ва таркибий тузилмалар раҳбарлари фаолиятининг самарадорлиги ва натижадорлигининг танқидий таҳлилини мунтазам юритиш, Қўмита ҳайъати мажлисларида уларнинг шахсий ҳисоботларини эшитиш, муҳокама якунлари бўйича зарур чоралар кўриш;
18) Қўмита ходимларини рағбатлантириш ва интизомий жавобгарликка тортиш масалаларини ҳал қилиш, ўз ўринбосарларини рағбатлантириш ва интизомий жавобгарликка тортиш масалаларини, шу жумладан, келгусида уларнинг эгаллаб турган лавозимларида қолишининг мақсадга мувофиқлиги масалаларини кўриб чиқиш бўйича таклифлар киритиш, уларнинг шахсий жавобгарлигини ошириш бўйича тизимли чораларни амалга ошириш;
19) Қўмита ходимлари томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил
2 мартдаги 62-сон қарори билан тасдиқланган Давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ходимларининг одоб-ахлоқ намунавий қоидалари асосида тасдиқланган Қўмита ходимларининг одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилишини назорат қилиш;
20) “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларига мувофиқ Қўмита тизимида коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш чораларини кўриш, шунингдек, ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва қонунчиликни такомиллаштириш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш йўли билан уларни содир этишга имкон яратувчи омилларни аниқлаш, таҳлил қилиш, сабаб ва шароитларини бартараф этиш;
21) Қўмита ва уни таркибий тузилмалари ишини ташкил қилишнинг замонавий шакллари жорий этилишини таъминлаш;
22) Ўзбекистон Республикасининг “Электрон ҳукумат тўғрисида”ги Қонунини амалга ошириш доирасида замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш йўли билан давлат хизматлари кўрсатишнинг самарадорлиги, сифати ва очиқлигини ошириш;
23) жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларини кўриб чиқиш, аҳоли билан тўғридан-тўғри ва очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, шахсий қабулларни, шу жумладан “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси Қонунида ҳамда Қўмитада жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлаш тартиби тўғрисидаги тегишли ҳужжатларда белгиланган муддатларда ва тартибда, жисмоний ва юридик шахслар вакилларининг сайёр қабулларини мунтазам ўтказиш юзасидан самарали ишларни ташкил этиш;
24) Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари билан самарали ҳамкорликни, Қўмита раҳбарлари ва ходимларининг улар фаолиятида фаол иштирок этишини ташкил этиш, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонасидан келиб тушадиган жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари ўз вақтида ва тўлиқ кўриб чиқилишини таъминлаш;
25) давлат сири тоифасига киритилган ва махфий ахборот билан ишлашда қонунчилик талабларига риоя қилиш;
26) Қўмита марказий аппарати штат жадвали ва харажатлар сметасини, шунингдек, Қўмитанинг идоравий мансуб ташкилотлар уставларини тасдиқлаш;
28) марказий аппарат ходимларини белгиланган тартибда лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод этиш;
29) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг жамоат ва диний ташкилотлар бўйича ўринбосарларини лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод этишга розилик бериш;
30) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича ўринбосарларини тегишли ҳудуд бўйича виждон эркинлиги кафолатлари ҳамда диний-маърифий барқарорликни таъминлаш, давлат органларининг диний ташкилотлар билан ўзаро алоқаси ва ҳамкорлигини мувофиқлаштириб бориш борасидаги фаолияти юзасидан ҳисоботини эшитиш;
31) Қўмита тизимида кадрлар захирасини шакллантириш, шунингдек, тизим ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ишларини тизимли асосда ташкил қилиш;
32) Қўмита соҳасида ҳамкорлик тўғрисида битимлар тузиш ва белгиланган тартибда ўзига юкланган вазифалар доирасида хорижий давлатларнинг органлари ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш;
33) Қўмита ҳайъат мажлисларида раислик қилиш.
Қўмита раиси қонунчиликка мувофиқ бошқа функционал вазифаларга ҳам эга бўлиши мумкин.
17. Қуйидагилар Қўмита раиси ўринбосарларининг асосий функционал вазифалари ҳисобланади:
1) Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари ҳамда бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига риоя этиш;
2) Қўмита раиси вақтинча бўлмаганда, тегишли буйруқ асосида унинг вазифаларини бажариш;
3) Қўмитанинг мутасаддилик қилинадиган таркибий бўлинмалари фаолиятини мувофиқлаштириш, назорат қилиш ва бевосита бошқариш, уларнинг ходимлари ўртасида вазифаларни тақсимлаш;
4) Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан Қўмита фаолиятининг мутасаддилик қилинадиган йўналишлари бўйича тасдиқланган Қўмита фаолиятини янада такомиллаштириш юзасидан комплекс дастурлар ва комплекс тадбирлар ижроси ҳолатини танқидий ва чуқур таҳлил қилиш;
5) мутасаддилик қилинадиган таркибий бўлинмалар томонидан прогноз кўрсаткичларга эришишни сўзсиз таъминлаш бўйича чоралар кўриш, бўлинмалар раҳбарларининг ҳисоботини тизимли эшитиб бориш ва белгиланган кўрсаткичларга эришиш учун уларнинг шахсий жавобгарлигини ошириш;
6) Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва топшириқлари ижросини таъминлаш, шунингдек Қўмита фаолиятида ижро интизомини мустаҳкамлаш бўйича комплекс амалий чора-тадбирларни бажариш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва топшириқлари самарали ва натижали ижро этилиши, шунингдек ижро интизоми мустаҳкамланиши учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчиларининг, Вазирлар Маҳкамаси ва унинг комплекслари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда барча даражалардаги ҳокимликлар раҳбарларининг шахсий жавобгарлиги тўғрисида” 2017 йил
11 апрелдаги ПҚ–2881-сон ва “Давлат органлари ташкилотларида ижро интизомини янада мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида” 2018 йил
5 октябрдаги ПҚ–3962-сон қарорларига ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг “Ижро интизомини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида” 1999 йил
12 январдаги 12-сон қарорига мувофиқ топшириқларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши учун таркибий ҳамда идоравий мансуб ташкилотлар раҳбарларининг шахсий масъулиятини ошириш чораларини кўриш;
7) Қўмита ҳайъати қарорлари, Қўмита раиси буйруқлари ва топшириқларининг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш;
8) Қўмита раисига мутасаддилик қилинадиган бўлинмаларда кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш бўйича таклифлар тақдим этиш, уларнинг профессионаллиги, ўз ишини билиши, амалий иш тажрибаси, юқори ишчанлик даражаси ва маънавий-ахлоқий сифатлари кафолатланганлигини таъминлаш, уларнинг касбий малакасини ошириш чораларини кўриш, таркибий бўлинмаларда кадрлар захирасини шакллантириш;
9) таркибий бўлинмалар томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини сифатли ишлаб чиқишни ташкил этиш, Қўмитанинг таркибий бўлинмаларида тайёрланган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини келгусида муҳокама этиш, имзолаш (виза қўйиш) учун кўриб чиқиш ва виза қўйиш, уларнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Регламенти ва Вазирлар Маҳкамаси Регламенти талабларига қатъий равишда, ўз вақтида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритилишини таъминлаш, Қўмита раиси топшириғига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда иштирок этиш;
10) Қўмитага тақдим этилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тўлиқ ва ҳар томонлама кўриб чиқиш;
11) хизмат сафарларини Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мансабдор шахсларнинг хорижий мамлакатларга чиқиш тартибини такомиллаштириш чоралари тўғрисида” 2014 йил 5 мартдаги ПҚ–2142-сон, “Хорижий хизмат сафарларида бўлиш самарадорлиги ва хорижий делегацияларнинг Ўзбекистон Республикасига ташрифларини ташкил этиш учун мансабдор шахсларнинг шахсий масъулиятини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2017 йил 3 августдаги ПҚ–3170-сон қарорлари талабларига тўла мувофиқ равишда ташкил этиш, хизмат сафарларининг асосланганлиги, самарадорлиги ва натижадорлигини, хизмат сафарларига ажратиладиган маблағлардан оқилона фойдаланишни таъминлаш;
12) мутасаддилик қилинадиган таркибий бўлинмалар раҳбарлари ва ходимлари фаолиятининг самарадорлиги ва натижадорлигини доимий танқидий таҳлил қилиб бориш, Қўмитанинг ҳайъат йиғилишларида уларнинг шахсий ҳисоботларини тинглаш, муҳокама якунлари бўйича зарур чораларни кўриш;
13) Қўмита фаолиятини такомиллаштириш юзасидан амалий чора-тадбирлар қабул қилиш, виждон эркинлиги кафолатлари ва диний-маърифий муҳит барқарорлигини таъминлаш соҳасидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш юзасидан таклифларни ишлаб чиқиш ва уларни кўриб чиқиш учун Қўмита раисига киритиш;
14) мутасаддилик қилинадиган таркибий бўлинмалар раҳбарлари ва ходимларини рағбатлантириш ва интизомий жавобгарликка тортиш, шу жумладан, уларнинг эгаллаб турган лавозимида қолиш-қолмаслиги мақсадга мувофиқлиги масаласини кўриб чиқиш бўйича Қўмита раисига таклифлар киритиш, уларнинг функционал масъулиятлари ва юкланган вазифалар бажарилишида шахсий масъулиятини ошириш юзасидан тизимли чораларни амалга ошириш;
15) Қўмита ходимлари томонидан ходимнинг одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилиши таъминланишини назорат қилиш;
16) “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларига мувофиқ Қўмита тизимида коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш чораларини кўриш, шунингдек, ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва қонунчиликни такомиллаштириш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш йўли билан уларни содир этишга имкон яратувчи омилларни аниқлаш, таҳлил қилиш, сабаб ва шароитларини бартараф этиш;
17) Қўмита раисига давлат хизматларини кўрсатиш самарадорлиги, сифати ва улардан эркин фойдаланиш даражасини ошириш бўйича таклифлар киритиш;
18) жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларини кўриб чиқиш, аҳоли билан тўғридан-тўғри ва очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, шахсий қабулларни, шу жумладан, “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси Қонунида ҳамда Қўмитада жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлаш тартиби тўғрисидаги тегишли ҳужжатларда белгиланган муддатларда ва тартибда жисмоний ва юридик шахслар вакилларининг сайёр қабулларини мунтазам ўтказиш юзасидан самарали ишларни ташкил этиш;
19) Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари билан самарали ҳамкорлик қилиш, улар фаолиятида фаол иштирок этиш, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонасидан келиб тушадиган жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари ўз вақтида ва тўлиқ кўриб чиқилишини таъминлаш;
20) давлат сири ва махфий ахборотлар тоифасига кирувчи маълумотлар билан ишлашда қонунчилик талабларига риоя этилишини таъминлаш;
21) виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги норматив-ҳуқуқий ва бошқа соҳавий норматив ҳужжатларнинг ишлаб чиқилишини ташкиллаштириш;
22) соҳадаги малакали кадрларни тайёрлаш, тармоқ таълим муассасаларида таълим жараёнининг даражаси ва сифатини тубдан оширишда кўмаклашиш, тармоқдаги мутахассисларни, жумладан, хориждаги етакчи илмий-тадқиқот муассасаларида қайта тайёргарликдан ўтишини ва малакасини оширишни ташкил этиш;
23) хорижий давлатлар, халқаро ва хорижий ташкилотлар билан ҳамкорликни амалга ошириш.
18. Қуйидагилар Қўмита марказий аппарати таркибий тузилмалари раҳбарларининг функционал вазифалари ҳисобланади:
1) Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари ҳамда бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига риоя этиш;
2) таркибий бўлинмалар фаолиятига бевосита раҳбарликни амалга ошириш, мазкур бўлинмаларга юкланган вазифалар ва функциялар ижросини таъминлаш;
3) ўз ваколати доирасида Қўмитанинг идоравий бўйсунувидаги ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш;
4) прогноз кўрсаткичларни мунтазам таҳлил қилиб бориш ва қайд этилган кўрсаткичларга таркибий бўлинмалар томонидан сўзсиз эришишни таъминлашга йўналтирилган қўшимча чораларни кўриш юзасидан таклифларни кўриб чиқиш учун Қўмитанинг мутасаддилик қиладиган ўринбосарларига киритиш;
5) Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва топшириқлари ижросини таъминлаш, Қўмитанинг таркибий бўлинмаларида ижро интизомини мустаҳкамлашнинг комплекс амалий чора-тадбирларини амалга ошириш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва топшириқлари самарали ва натижали ижро этилиши, шунингдек ижро интизоми мустаҳкамланиши учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчиларининг, Вазирлар Маҳкамаси ва унинг комплекслари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда барча даражалардаги ҳокимликлар раҳбарларининг шахсий жавобгарлиги тўғрисида” 2017 йил
11 апрелдаги ПҚ–2881-сон, “Давлат органлари ташкилотларида ижро интизомини янада мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида” 2018 йил
5 октябрдаги ПҚ–3962-сон қарорлари ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг “Ижро интизомини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида” 1999 йил
12 январдаги 12-сон қарорига мувофиқ таркибий бўлинмалар ходимлари томонидан топшириқларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишида шахсий масъулиятини ошириш бўйича чоралар кўриш;
6) Ҳайъат қарорлари, Қўмита раиси ва унинг ўринбосарлари буйруқлари ва топшириқларини ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш;
7) таркибий бўлинмаларнинг иш режаларини ишлаб чиқиш, уларни тасдиқлаш учун киритиш, уларда қайд этилган вазифалар ва тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш;
8) таркибий бўлинмаларга юкланган вазифаларнинг ижросини назорат қилиш ва мувофиқлаштириш, Қўмитанинг идоравий мансуб ташкилотлари фаолиятида амалий ва услубий ёрдам кўрсатиш;
9) таркибий бўлинмалар фаолияти масалалари бўйича қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш ва уларни кўриб учун Қўмита раҳбариятига киритиш;
10) Қўмита раҳбариятига таркибий бўлинмаларда кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш бўйича таклифлар тақдим этиш, уларнинг профессионаллиги, ўз ишини билиши, амалий иш тажрибаси, юқори ишчанлик даражаси ва маънавий-ахлоқий сифатлари кафолатланганлигини таъминлаш, уларнинг касбий малакасини ошириш чораларини кўриш, таркибий бўлинмаларда кадрлар захирасини шакллантириш;
11) таркибий бўлинмалар томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини сифатли ишлаб чиқишни ташкил этиш, Қўмитанинг таркибий бўлинмаларида тайёрланган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини келгусида Қўмита раҳбарияти томонидан кўриб чиқиш, имзолаш (виза қўйиш) учун кўриб чиқиш ва виза қўйиш, уларнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Регламенти ва Вазирлар Маҳкамаси Регламенти талабларига қатъий равишда ўз вақтида Вазирлар Маҳкамасига киритилишини таъминлаш, Қўмита раҳбарияти топшириғига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси аппаратида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда иштирок этиш;
12) Қўмита раисига тақдим этилган таклифлар ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тўлиқ ва ҳар томонлама кўриб чиқиш;
13) хизмат сафарларини Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мансабдор шахсларнинг хорижий мамлакатларга чиқиш тартибини такомиллаштириш чоралари тўғрисида” 2014 йил 5 мартдаги ПҚ–2142-сон, “Хорижий хизмат сафарларида бўлиш самарадорлиги ва хорижий делегацияларнинг Ўзбекистон Республикасига ташрифларини ташкил этиш учун мансабдор шахсларнинг шахсий масъулиятини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2017 йил 3 августдаги ПҚ–3170-сон қарорлари талабларига тўлиқ мувофиқ равишда амалга ошириш, хизмат сафарларининг асосланганлиги, самарадорлиги ва натижадорлигини, хизмат сафарларига ажратиладиган маблағлардан оқилона фойдаланишни таъминлаш;
14) таркибий бўлинмалар ходимлари фаолиятининг самарадорлиги ва натижадорлигини доимий танқидий таҳлил қилиб бориш, йиғилишларда уларнинг шахсий ҳисоботларини эшитиб бориш, уларни кўриб чиқиш якунлари бўйича зарур чораларни кўриш;
15) таркибий бўлинмалар ходимлари томонидан ходимнинг одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилишини таъминлаш;
16) “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларига мувофиқ таркибий бўлинмаларда коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш чораларини кўриш, шунингдек, ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва қонунчиликни такомиллаштириш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш йўли билан уларни содир этишга имкон яратувчи омилларни аниқлаш, таҳлил қилиш, сабаб ва шароитларини бартараф этиш;
17) Қўмитага давлат хизматларини кўрсатиш самарадорлиги, сифати ва улардан фойдаланиш даражасини ошириш бўйича таклифларни кўриб чиқиш учун киритиш;
18) жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларини кўриб чиқиш, аҳоли билан тўғридан-тўғри ва очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, шахсий қабулларни, шу жумладан, "Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида ҳамда Қўмитада жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлаш тартиби тўғрисидаги тегишли ҳужжатларда белгиланган муддатларда ва тартибда жисмоний ва юридик шахслар вакилларининг сайёр қабулларини мунтазам ўтказиш юзасидан самарали ишларни ташкил этиш;
19) Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари билан самарали ҳамкорлик қилиш, улар фаолиятида фаол иштирок этиш, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонасидан келиб тушадиган жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларини Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2016 йил 28 декабрдаги ПФ–4904-сон Фармонига мувофиқ ўз вақтида ва тўлиқ кўриб чиқилишини таъминлаш;
20) давлат сири ва махфий ахборотлар тоифасига кирувчи маълумотлар билан ишлашда қонунчилик талабларига риоя этилишини таъминлаш;
21) таркибий бўлинмалар ходимлари фаолиятини тасдиқланган лавозим йўриқномаларига қатъий мувофиқ равишда ташкил этиш;
22) таркибий бўлинмалар ваколатига тегишли масалалар бўйича таҳлилий материалларни Қўмита раҳбарияти учун тайёрлаш;
23) Қўмита таркибий бўлинмалари фаолиятини ўрганиш ҳамда уларга амалий ёрдам кўрсатишни ташкил этиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш.
5-боб. Қўмита раҳбарларининг жавобгарлиги
19. Қўмита раиси:
1) Қўмитага юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши;
2) Қўмитанинг мазкур Низомнинг 15-бандида назарда тутилган жавобгарлик соҳалари бўйича;
3) мазкур Низомнинг 16-бандида белгиланган ўз функционал вазифаларининг сифатли бажарилиши учун шахсан масъулдир.
20. Қўмита раиси ўринбосарлари:
1) Қўмитанинг мутасаддилик қилинадиган таркибий бўлинмаларида Қўмитага юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши;
2) Қўмитанинг мутасаддилик қилинадиган масалалар юзасидан мазкур Низомнинг 15-бандида назарда тутилган жавобгарлик соҳалари бўйича;
3) мазкур Низомнинг 17-бандида белгиланган ўз функционал вазифаларининг сифатли бажарилиши учун шахсан масъулдир.
21. Марказий аппарат таркибий бўлинмаларининг раҳбарлари:
1) тегишли таркибий бўлинмаларга юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши;
2) Қўмита марказий аппаратининг мазкур Низом 15-бандида назарда тутилган жавобгарлик соҳалари бўйича;
3) мазкур Низомнинг 18-бандида белгиланган ўз функционал вазифаларининг сифатли бажарилиши учун шахсан масъулдир.
6-боб. Қўмита фаолиятини ташкил этиш
§1. Қўмита раҳбарияти
22. Қўмитага Ўзбекистон Республикасининг Бош вазирининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган раис раҳбарлик қилади.
23. Қўмита раисининг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган биринчи ўринбосари ва икки нафар ўринбосари бўлади.
24. Қўмита раиси мақомига кўра вазирга, раиснинг биринчи ўринбосари – вазирнинг биринчи ўринбосарига, раис ўринбосарлари – вазир ўринбосарларига тенглаштирилади.
25. Қўмита раиси бўлмаган вақтда унинг ваколатлари раиснинг биринчи ўринбосари томонидан, у бўлмаган вақтда эса раиснинг тегишли буйруғига асосан бошқа ўринбосар томонидан амалга оширилади.
26. Қуйидагилар:
1) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича ўринбосарларини лавозимига тайинлаш ва лавозимдан озод этиш Қўмита раиси билан келишилган ҳолда;
2) Қўмита марказий аппарати ходимлари, Қўмитага идоравий мансуб ташкилотлар раҳбарлари Қўмита раиси томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.
§ 2. Қўмита марказий аппаратининг Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича ўринбосарлари ҳамда идоравий мансуб ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш тартиби
27. Қўмита марказий аппаратининг Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича ўринбосарлари (кейинги ўринларда вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосарлари деб аталади) ҳамда идоравий мансуб ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлигини марказий аппаратнинг таркибий бўлинмалари раҳбарлари таъминлайди.
28. Қўмита марказий аппарати таркибий бўлинмалари вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосарлари билан ўз фаолияти йўналишлари бўйича ўзаро ҳамкорликни амалга оширишда:
1) топшириқларни вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосарлари ҳамда идоравий мансуб ташкилотларга етказади ҳамда уларнинг ижросини назорат қилиб боради;
2) вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосарлари ҳамда идоравий мансуб ташкилотларига бевосита таркибий бўлинмалар фаолияти масалалари бўйича сўров жўнатади ва уларнинг ижросини назорат қилиб боради;
3) вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосарлари ҳамда идоравий мансуб ташкилотлари фаолиятини текширади ва ўрганади, амалиётини умумлаштиради, такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқади ва амалга оширади;
4) вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосарлари ҳамда идоравий мансуб ташкилотлари фаолиятининг ташкил этилиши ва натижалари тўғрисида ҳисобот ва ахборот материаллари, статистик ва бошқа маълумотларни ўрганишни ташкил этади;
5) вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосарлари ҳамда идоравий мансуб ташкилотлари иш режаларини таҳлил қилади, уларнинг фаолиятини режалаштиришни такомиллаштириш бўйича чоралар кўради;
6) вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосарлари ҳамда идоравий мансуб ташкилотларидан келган таклифларни кўриб чиқади;
7) вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосарлари ҳамда идоравий мансуб ташкилотларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлашда иштирок этишини ташкил этади, улар томонидан қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан келиб тушган таклифларни кўриб чиқади.
29. Вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосарлари ҳамда идоравий мансуб ташкилотлари Қўмита марказий аппаратининг таркибий бўлинмалари билан ҳамкорлик қилади, шу жумладан:
1) Қўмита раҳбарияти топшириқларининг ижроси тўғрисида ахборот беради;
2) фаолиятнинг белгиланган соҳасидаги қонун ҳужжатларини амалга ошириш бўйича фаолият натижалари тўғрисида марказий аппаратга маълумот тақдим этади;
3) улар фаолиятини текшириш ва ўрганиш натижасида ишда аниқланган камчиликлар ва нуқсонларнинг бартараф этилганлиги натижалари ҳақида ахборот беради;
4) Қўмита марказий аппаратига белгиланган тартибда ва муддатда ўз фаолияти натижалари тўғрисида ҳисобот тақдим этади;
5) комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш секторлари билан ҳамкорлик натижалари ҳақида ахборот беради;
6) ваколатли органлар томонидан ўз фаолиятини текширишлар натижалари ҳақида ахборот беради.
§3. Қўмитанинг давлат ва хўжалик бошқарувининг бошқа органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлик тартиби
30. Қўмита ўз вазифалари ва функцияларини амалга оширишда давлат ва хўжалик бошқарувининг бошқа органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлик қилади.
31. Қўмита фаолияти Вазирлар Маҳкамаси ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг таркибий тузилмалари томонидан назорат қилинади.
§4. Қўмитанинг ҳайъати, кенгаш, маслаҳат ва эксперт органлари
32. Қўмитада раис (ҳайъат раиси), унинг ўринбосарлари (лавозими бўйича) ҳамда фаолиятнинг асосий йўналишларида мутасаддилик қиладиган таркибий бўлинмалар раҳбарлари таркибидан иборат ҳайъат ташкил этилади.
Ҳайъат аъзоларининг сони ва шахсий таркиби Вазирлар Маҳкамаси томонидан Қўмита раиси тақдимномаси бўйича тасдиқланади.
Ҳайъатга қуйидаги вазифалар юкланади:
1) Қўмитанинг мазкур Низом билан белгиланган асосий йўналишларини тайёрлаш ва амалга ошириш;
2) Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамаси қарорларида белгиланган вазифалар билан юкланган вазифаларнинг Қўмита тизимидаги раҳбарлар ва ходимлар томонидан ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш учун уларнинг шахсий жавобгарлигини ошириш чораларини кўрган ҳолда, таркибий бўлинмалар ва идоравий мансуб ташкилотлар раҳбарларининг ҳисоботларини тизимли эшитиб бориш;
3) Қўмита фаолияти соҳасидаги ҳудудий ва тармоқ дастурларини амалга ошириш ҳолатининг натижадорлигини ҳар чоракда ва тизимли муҳокама қилиб бориш;
4) Қўмита фаолияти соҳасидаги долзарб масалалар муҳокамасини жойларда таъминлаган ҳолда, ҳайъатнинг кенгайтирилган сайёр йиғилишлари ўтказилишини ташкил этиш ҳамда юзага келган муаммоларни бартараф этиш бўйича тегишли қарорлар ишлаб чиқиш ва қабул қилиш;
5) Қўмитанинг марказий аппарати номенклатурасига кирувчи лавозимларга кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш масалаларини кўриб чиқиш;
6) Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ва фармойишлари билан белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш мақсадида Қўмита раҳбарлари ва ходимларининг ижро интизомини мустаҳкамлаш ва шахсий жавобгарлигини ошириш.
Ҳайъат, шунингдек, Қўмита ваколатига тегишли бошқа масалаларни ҳам муҳокама этиш ҳуқуқига эга.
33. Ҳайъат йиғилишига Қўмита ваколатига тегишли масалалар юзасидан давлат ва хўжалик бошқаруви ҳамда бошқа ташкилотлар раҳбарлари ва эксперт мутахасислари таклиф этилиши мумкин.
34. Ҳайъат, агар унинг йиғилишида аъзоларнинг ярмидан кўпи иштирок этган тақдирда, ҳақиқий деб ҳисобланади. Муҳокама этилаётган масалалар юзасидан қарорлар оддий кўпчилик овоз билан қабул қилинади.
35. Ҳайъат қарорлари Қўмита раиси буйруғи билан тасдиқланади.
36. Қўмита раиси ва ҳайъат аъзолари ўртасида келишмовчиликлар юзага келган тақдирда, Вазирлар Маҳкамасига юзага келган келишмовчиликлар ҳақида Қўмита раиси ахборот беради ва мустақил қарор қабул қилади. Шунингдек, ҳайъат аъзолари ҳам Вазирлар Маҳкамасига ўз фикрларини маълум қилишлари мумкин.
37. Ҳайъат фаолияти тартиби ҳайъат томонидан тасдиқланадиган регламент билан белгиланади.
7-боб. Қўмита фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш мезонлари ва ишчи индикаторлари
38. Қўмита фаолияти мунтазам баҳолаб борилади.
39. Қўмита фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш Қўмита фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш мезонлари ва ишчи индикаторларига асосланади.
40. Қўмита фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш якунлари бўйича:
1) Қўмита раҳбарлари ва ходимларини рағбатлантириш (мукофотлаш) ёки уларга нисбатан интизомий жазо чоралари;
2) Қўмита фаолиятида аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва унинг фаолиятини янада такомиллаштириш чоралари кўрилади.
41. Қўмита фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш тартиби ва услуби Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
8-боб. Қўмита фаолиятини молиялаштириш ва моддий-техник таъминлаш, унинг ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш
42. Қўмитани молиялаштириш ва моддий-техник таъминлаш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.
43. Қўмита ходимларининг иш ҳақи лавозим маоши, рағбатлантиришлар, қўшимча тўловлар, устамалар ва бошқа тўловлардан иборат.
44. Қўмита ходимларининг лавозим маоши Ягона тариф сеткасининг тасдиқланган разрядлари бўйича белгиланади.
9-боб. Қўмита ҳисобдорлиги
45. Қўмита раҳбарлари ўз фаолиятлари тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг тегишли таркибий тузилмалари ва Вазирлар Маҳкамасига ҳисобот беради.
46. Вазирлар Маҳкамаси раҳбарияти Қўмита раҳбарларининг фаолиятини юкланган вазифаларнинг улар томонидан самарали бажарилиши бўйича доимий мониторинг олиб боради, Қўмита фаолияти самарадорлигини холисона баҳолайди.
47. Мониторинг ва баҳолаш натижаларига кўра, Қўмитанинг алоҳида ўрнак кўрсатган ходимларини рағбатлантириш чоралари кўрилади, жиддий камчиликларга йўл қўйган ходимларга нисбатан эса жавобгарлик чоралари, эгаллаб турган лавозимидан озод этишгача жазо қўлланилади.
10-боб. Якунловчи қоида
48. Қўмита қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қайта ташкил этилади ва тугатилади.
Узбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз кучини йўқотган деб
эътироф этилаётган айрим қарорлари
РЎЙХАТИ
1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида”
2004 йил 23 апрелдаги 196-сон қарори 2-бандининг учинчи хатбоши ва 3-иловаси.
2. “Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш бўйича айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида” 2010 йил 5 июндаги 108-сон қарори иловасининг 39-банди;
3. “Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида” (Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасининг Бюджет кодексини тасдиқлаш тўғрисида” 2013 йил 26 декабрдаги ЎРҚ–360-сон ҳамда "Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2016 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” 2015 йил 31 декабрдаги ЎРҚ–398-сон қонунлари) 2016 йил 26 апрелдаги 122-сон қарори 1-иловасининг 70-банди;
4. “Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида” (Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Идоралараро коллегиал органларни тубдан қисқартириш ва янада оптималлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2018 йил 28 августдаги ПФ–5527-сон Фармони) 2019 йил 23 февралдаги 161-сон қарорининг 1-иловаси 5-банди;
LiveБарчаси