ТИВ Сингапурга кетаётган ўзбекистонликларга эслатма билан чиқди
Жамият
−
17 Октябрь 2019
4554Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Сингапур Республикасига бораётган ўзбекистонликларга эслатма билан чиқди.
Сингапур Республикасидаги элчихонанинг мазкур мамлакат ТИВга таянган ҳолда маълум қилишича, Сингапур Иммиграция ва назорат-ўтиш пунктлари хизмати 2019 йил 14 августдан бошлаб Сингапурга киришни қайд этиш (SG Arrival Card) электрон хизматининг тажриба версиясини синовдан ўтказмоқда.
Мазкур дастур Сингапурга келаётган шахслар томонидан мамлакатга келишларидан аввал ўзлари тўғрисидаги маълумотларни тақдим қилиши билан боғлиқ жараённи тезлаштириш мақсадида ишлаб чиқилган. Дастур босқичма-босқич 2021 йилгача амалдаги ҳужжатларни қоғоз шаклида тўлдириш тизими ўрнини эгаллайди.
Сингапурга боришни режалаштираётган чет эл фуқаролари барча мавжуд электрон платформалар орқали мамлакатга келишидан олдин 14 кун ичида зарур шаклни тўлдириши мумкин. Дастур хизматларидан фойдаланиш текин, аммо виза тизими ўрнатилган давлатларнинг фуқаролари учун виза олиш билан боғлиқ жараённи бекор қилмайди.
Ҳозирда мазкур қулайликдан Сингапурга фақатгина ҳаво транспорти воситасида келувчи шахслар фойдаланиши мумкин.
ТИВ Консуллик-ҳуқуқий департаменти Сингапур, Австралия ва Янги Зеландия ҳудудида бўлган Ўзбекистон фуқаролари зарур ҳолларда мамлакатнинг Сингапурдаги элчихонасига +65 6734 3942 телефон рақами орқали мурожаат қилиши мумкинлигини эслатиб ўтди.