Ўзбекистондаги аттракционларнинг аксарияти талабга жавоб бермайди

Жамият

image

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги маданият ва истироҳат боғларидаги мавжуд аттракционларни давлат назоратидан ўтказиш учун ҳудудлар бўйича 100 нафардан иборат жами 16 та ишчи гуруҳ тузилди. Ишчи гуруҳлар томонидан ҳудудлардаги мавжуд 129 та маданият ва истироҳат боғи ҳамда аҳоли дам олиш масканларидаги жами 1 минг 845 та аттракцион кўздан кечирилди ва уларнинг хавфсиз фойдаланиш талабларига риоя этиши ўрганиб чиқилди.

Таъкидланишича, аттракционларнинг 1 минг 292 тасида техник паспорти мавжуд эмас. 1 минг 106 тасида аттракционларни кунлик техник кўрикдан ўтказиш журнали йўқ. 928 аттракционда ишлатиш ва ўрнатиш бўйича йўриқномалар мавжуд эмас. Аттракционларга бириктирилган ходимларнинг 1 минг 258 нафарида ўқиганлик тўғрисидаги махсус гувоҳномалар йўқ ва улар техникадан фойдаланиш тартиб қоидаларини мутлақо билмайди.

695 аттракционда жавобгар шахс тайинланмаган бўлса, 931 тасида оператор ва жавобгар шахсларнинг лавозим йўриқномалари ишлаб чиқилмаган. 854 та аттракционда биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш имконияти мавжуд эмас.

Аниқланган камчиликлардан кўриниб турибдики, маданият ва истироҳат боғларидаги аттракционларнинг аксарияти фойдаланиш талабларига жавоб бермайди. Бу ҳолат эса инсон ҳаёти учун хавфлидир.

Маълум қилинишича,Ўзбекистонга кўп аттракционлар хорижий давлатлардан, хусусан, Хитойдан олиб келинади. Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган аттракционлар эса етарли тажрибага эга конструкторлар йўқлиги сабаб талабга тўлиқ жавоб бермайди. 

Жорий йилда Жиззахда содир бўлган инсон ўлими билан боғлиқ фожиа ҳам ўзимизда ишлаб чиқарилган аттракционда рўй берган.

Ўрганишлар давомида ноқонуний фаолият кўрсатаётган аттракционлар фаолияти ҳам аниқланганлиги айтилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

12

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг