Ҳаммаёқ миллиард бўлиб ётибди, лекин ҳақиқий натижа йўқ – Комилов

Жамият

image

Ўзбекистонга хорижий инвестицияларни жалб қилишда вазирлик ва идоралар томонидан таклифларнинг узоқ муддатларда кўриб чиқилиши мамлакатга сармоя олиб киришни қийинлаштиряпти. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Олий Мажлис Сенатининг йигирма биринчи ялпи мажлисида таъкидлаб ўтди.

“Вазирлик ва идоралар томонидан инвестицион таклифларнинг узоқ муддатларда кўриб чиқилиши икки томонлама муҳим тадбирларнинг кечиктирилишига ёки бекор қилинишига сабаб бўлмоқда. Кўп ҳолларда тармоқ вазирлик ва идоралар келиб тушадиган инвестиция лойиҳалари тўғрисидаги маълумотлар сифати ўта паст ва хорижий шериклар билан самарали музокара ўтказиш имконини бермайди. Халқаро стандартларга жавоб берадиган таклифлар деярли йўқ”, деди ТИВ раҳбари.

Абдулазиз Комиловнинг таъкидлашича, айрим вазирлик ва идоралар томонидан чет элга ташрифи давомида эришилган келишувларни бажариш ва Ташқи ишлар вазирлигига ахборот беришга юзаки ёндашилаётгани сабабли уларнинг натижаси сезилмаяпти.

“Шу ташрифлар вақтида охирги пайтда элчиларимиз бизга камчилигимиз тўғрисида очиқ айтишяпти. Биздан инвестиция жалб қилиш мақсадида бораётган делегациялар яхши тайёргарлик кўришмайди. Очиғини айтсам, сармоядорнинг орқасидан “мана шу меморандумга қўл қўйинг”, деб югуриб юришади. Кейин келишиб, қўл қўйдириб олиб келишади. Лекин бунинг тагида ҳеч нарса йўқ. Келиб, уни “Йўл харитаси”га киритишади. Кейин вақти соати келганда “Йўл харитаси”ни қарасак, ҳаммаёқ миллиард бўлиб ётибди, лекин ҳақиқий натижа йўқ”, деб таъкидлади Абдулазиз Комилов.

QALAMPIR.UZ мухбирининг хабар беришича, вазир ТИВ ҳар доим ёрдам беришга тайёр эканини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, вазирлик яқинда ҳокимларга инвесторларни жалб қилиш учун қандай тайёргарлик кўриш кераклиги ҳақида хат юборган.

“Вилоятдаги вазиятни сармоя керак деган раҳбарлар, ҳокимлар яхши билади. Бизга ҳар томондан мурожаатлар келади: “Мана ҳамма шароитни ташкил қилдик, бизга инвесторлар олиб келиб берсангиз” деган. Қандай шароит яратилгани маълум эмас. Қандай соҳага, нимага? Ўша вилоятда стратегия бўлмаса 5-6 йилга режа бордир, соҳалар бордир. Халқаро талабга жавоб берадиган лойиҳа тайёрлаш қийин. Бунга тажриба керак, балки ўша хориж компанияларини жалб этиш керак. Лекин, “мана шу соҳага, мана шу миқёсда (таҳр. инвестиция керак), яратиб берадиган шароитимиз шундан иборат”, деб ҳеч бўлмаса маълумотни тўлиқ беришса биз учун ҳам осон бўлади”, деди ТИВ раҳбари.

Абдулазиз Комилов сармоя ТИВга эмас, вилоятларга келишини, вазирликнинг вазифаси уларни олиб келишдан иборатлигини таъкидлаб ўтди.

“Бизнинг вазифамиз уларни жалб қилиб олиб келиш. Мана лақиллатиб келтирдим. Лекин биз Савдо, Инвестиция вазирликлари билан бирга ишлашимиз керак. Улар лойиҳани тайёрлашда ёрдам бериши керак. Инвестицияни ҳокимият ёки савдо вазирлиги ўзи жалб эта олмайди”, деди Комилов.


Мақола муаллифи

Теглар

Абдулазиз Комилов Сенат ялпи мажлис инвестиция

Баҳолаганлар

201

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг