Ҳам “Барселона”, ҳам “Ливерпуль” таркибида ўйнаган муҳим беш футболчи

Таҳлил

image

Бугун муҳташам “Энфилд” ўйингоҳида Европа Чемпионлар лигасининг ярим финал илк жавоб баҳси ўтказилади. 

Айни пайтга келиб, “қизиллар” Чепионлар лигаси финалида “Ванда Метрополитано” стадионига иштирокчи сифатида боришлари учун бугун ўз мухлислари кўз ўнгида том маънода мўжиза яратишлари керак.

Хабарингиз бор, Юрген Клопп шогирдлари ўтган ҳафтада Каталонияда 0:3 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйишган эди. Ўша голлардан биринчисини Луис Суарес собиқ жамоаси дарвозасига йўллаган эди.

Тез орада бу ярим финал ўйинлари ҳам тарихга айланади. Шу муносабат билан, биз сизнинг эътиборингизга ўз фаолияти давомида иккала клубда ҳам тўп сурган ТОП-5 футболчиларни эслатиб ўтмоқчимиз.

Пепе Рейна

Машҳур дарвозабон Пепе Рейна 6 ёшида “Барселона” академиясига қабул қилинган. 18 ёшида “кўк-анорранглилар” сафида илк дебютини ўтказган.

Бироқ, дарвозабон “Барселона”нинг асосий посбонига айлана олмади. Жамоа сафида 30 та ўйин ўтказгач, Испаниянинг бошқа бир клуби “Вильярреал” клуби сафини тўлдирди. Пепе айнан шу клубда маҳоратли дарвозабон эканлигини исботлай олган эди.

Эътиборлиси, “Барса” сафида ўтказган қисқа фаолияти давомида Рейна ўзининг бўлажак жамоаси “Ливерпуль”га қарши бир марта майдонга тушган эди. Ўша учрашувда посбон ўз дарвозасидан пеналтидан гол ўтказиб юборган эди.

Тақдир уни 2005 йилда “Энфилд” меэбонига айлантирди. Аниқроғи, ўша пайтда “қизиллар” бошқарувида бўлган Рафаэль Бенитес Рейнани “Ливерпуль”га таклиф этган эди. Унинг клубдаги 9 йиллик мавсуми мувофаққиятли ўтган дейиш мумкин. У 2014 йилда жамоани афсона сифатида тарк этган эди.

“Ливерпуль”даги фаолияти давомида у 3 марта АПЛда йил дарвозабони сифатида эътироф этилган. 2009 йилга келиб дарвозабон энг кам баҳсларда 100 қуруқ ўйин ўтказган дарвозабонга айланган эди.

Луис Гарсия

Луис Гарсия ҳам “Барселона” тарбияланувчиси ҳисобланади. Лекин, у каталонияликлар сафида қуқур илдиз ота олмаган. У 2003/04 йилги мавсум аввалида “Ливерпуль” сафига қўшилиб, чинакамига буюк футболчига айла олган эди. Эътиборлиси, “Энфилд”да мухлислар унга атаб қўшиқ куйлаган кам сонли футболчилардан бири ҳисобланади.

Испаниялик ярим ҳимоячи инглиз клуби сафида кам ҳолларда майдонга тушсада, муҳим ғалабаларнинг қўлга киритилишида асосий ролларни ижро этган. Масалан, у 2004/05 йилги мавсумда Европа Чемпионлар лигасининг бош совринини қўлга киритилишида мунтазам асосий таркибда бўлган.

Хавьер Маскерано

Аргентина терма жамоаси ярим ҳимоячиси Хавьер Маскерано ҳар иккала клуб тарихида муҳим футболчи сифатида тарихга кира олган. У “Энфилд”да ҳам “Камп Ноу”да ҳам майдонда турли позицияларда ўзини яхши томондан кўрсата олган.

Футболчи “Ливерпуль” сафида Хаби Алонсо билан ажойиб тандем ҳосил қилган эди. Аммо, Мерсисайдда совринлар танқислиги боис Маскерано 2010 йилда Гвардиола таклифига кўра, “Барселона”га кўчиб ўтади. Шундан кейин ўзининг юлдузли онларини бошдан кечирган.

Хавьер ярим ҳимоячи ҳисоблансада, Каталонияда Пике билан ҳимоя марказида ажойиб тандем бўла олган. 2018 йилгача фаолияти давомида у икки марта ЕЧЛ бош совринини боши ўзра баланд кўтарган.

Луис Суарес

Уругвайлик футболчини ҳар иккала клуб сафида ўйнаган энг яхши футболчи деб аташ мумкин. Шубҳасиз, Луис Суарес ўзи тўп сурган жамоаларда рақиблари ҳимоси учун бартараф этиб бўлмас муаммога айлана олади. Шу боисдан у ҳар иккала жамоада ҳам тенг мувофаққият қозона олган. Бундан ташқари “суйлоқ”нинг “Барселона”га сотилиши ўша пайтда “Ливерпуль” тарихидаги энг даромадли рекорд трансферга айланган эди.

Уругвай терма жамоаси ҳужумчисини “қизиллар” 2011 йилда “Аяксдан” 26,5 млн еврога сотиб олган. 2014 йилнинг ёзида эса, испан грандига 81 млн евро эвазига ўтган. У “Ливерпуль” сафида 2013/14 йилги мавсумда АПЛда 31 гол киритган эди. Аммо, у ҳам мерсисайдликлар билан совринсиз қолиб кетаверган.

“Камп Ноу”да у энг яхши марказий ҳужумчи даражасига чиқа олди. Суарес “Барселона” сафидаги совринларга тўла 5 мавсумда 160 дан ортиқ ўйинда майдонга тушиб, 130 дан ортиқ гол муаллифига айланди.

Филиппе Коутиньо

Бразилиялик футболчи, шубҳасиз, “Ливерпуль” сафида катта мувофаққият қозона олган. Аммо, ҳужумкор ярим ҳимоячи “Барселона”га ўтганига бир ярим йил бўлган бўлсада, ҳали ҳам жамоага тўла мослашиб кета олмади. Лекин, айни дамда у жамоаси учун муҳим футболчи бўлиб турибди.

Коутиньо 2013 йилда Миланнинг “Интер” клубидан 8,5 млн фунт эвазига “Барселона”га ўтган эди. “Қизиллар” сафида футболчи тез суратларда ўсишга эришди. 2014/15 йилги мавсумда клубнинг энг яхши футболчиси деб топилган ва АПЛда мавсумнинг рамзий терма жамоаси сафига киритилган.

“Барселона” Филиппени 2018 йилнинг бошида 106 млн фунт эвазига клубга таклиф этган эди. Ҳозирда у каталонияликлар тарихидаги энг қиммат нархда харид қилинган футболчи бўлиб турибди. Коутиньонинг “Камп Ноу”даги ўйинлари танқид остида қолиб кетаётган бўлсада, муҳим паллаларда у ажойиб голлари эвазига мухлислари кўнглидан чиқиб кетганича йўқ.


Мақола муаллифи

Теглар

Барселона Ливерпуль

Баҳолаганлар

53

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг