Бундан буён Афғонистон террорчи гуруҳларга бошпана бўлмайди – Трапмнинг вакили

Олам

Маълумки, жорий йилнинг 29 февраль куни АҚШ ва Афғонистондаги “Толибон” ҳаракати ўртасида муҳим ҳужжат имзоланди. Тинчлик сулҳи номини олган ҳужжат Афғонистонда 40 йилдан буён давом этиб келаётган урушга барҳам берди. 

АҚШ Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Залмай Ҳалилзод ўзаро келишувнинг аҳамияти ва бунда Ўзбекистоннинг тутган ўрни ҳақида шундай дейди: 

“Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси ниҳоятда катта роль ўйнади. Узоқ кутилган тинчлик жараёни нафақат минтақада, балки бутун дунёда кенг имкониятлар очмоқда. Минтақада савдо-сотиқ, иқтисодий тармоқларни ривожлантириш, ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш жиҳатидан янги истиқболлар очиляпти. Бу борада Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги ҳамкорлик яна ривожланади, деган умиддамиз. 

Бунинг ортидан интеграция жараёнлари илдамлайди. Минтақада янги иш ўринлари пайдо бўлади, саноат, транспорт-логистика хизматлари ривожланади. Бу биз учун жуда катта умид боғловчи ришталар”.

Трампнинг вакили сўзида давом этаркан, АҚШ ва “Толибон”нинг муросага келишида Ўзбекистон ҳукумати, хусусан Президент Шавкат Мирзиёевнинг ҳиссаси катта. Ҳалилзод 2018 йилнинг 27 март куни Ўзбекистонда ўтган “Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик” мавзусидаги халқаро конференцияни хотирлади. 

“2018 йилда Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан уюштирилган Афғонистон бўйича халқаро анжуман бугунги кунда амалга оширилаётган ишларга муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилди. АҚШ ва “Толибон” ўртасида олиб борилган музокаралар нафақат икки томонлама музокаралар бўлди, балки айни вақтда Афғонистондаги ички сиёсий кучлар ўртасидаги музокараларга йўл очиб берди”, дейди Залмай Ҳалилзод. 

40 йилдан буён Афғонистонда давом этиб келаётган уруш мамлакатни ҳар жиҳатдан таназзулга юз тутишига сабаб бўлди. Иқтисодиёт ва саноати, қишлоқ хўжалиги, таълим тизими бутунлай ишдан чиқди. Бир вақтлар буюк олимлар юрти бўлган Афғонистон гуманитар ёрдамга муҳтож ўлкага айланди. Бу вақт оралиғида эса кўплаб террорчи гуруҳлар, халқаро террористик ташкилотлар Афғонистонда ин қурди. Янги битимга кўра, энди Афғонистон террорчи гуруҳларга бошпана бўлмайди. Бу эса мониторинг қилиб борилади. 

“Бугунги кунда бутун дунё Афғонистондаги халқаро терроризм кучларига қарши курашда ўз саъй-ҳаракатларини олиб бормоқда. Қолаверса, битимга кўра, бундан буён Афғонистон замини халқаро террорчилар гуруҳига бошпана бермайдиган бўляпти. Бу битимга имзо чекканлар томонидан алоҳида мониторинг қилиб борилади. Бундан асосий мақсад эса Афғонистон ҳудудида якдил тинчлик ва барқарорликни ўрнатиш”, дейди Залмай Ҳалилзод. 


Мақола муаллифи

Теглар

Афғонистон Залмай Ҳалилзод

Баҳолаганлар

30

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг