Артур Таймазовдан яна бир олтин медаль олиб қўйилди

Спорт

image

Артур Таймазов 2012 йилги Лондон Олимпиадасида Ўзбекистон терма жамоаси учун иштирок этиб, қўлга киритган олтин медалидан допинг намунаси қайта текширилгандан кейин маҳрум қилинди. Бу ҳақда спортчининг ўзи Instagram`даги саҳифасида маълум қилди.

Собиқ спортчи ХОҚ текширувларини тан олмаслигини маълум қилиб, қарор юзасидан арз қилишни айтди.

“2008 йилги дисквалификциядан кейин ХОҚнинг 2012 йилги Олимпиададаги допинг намуналаримни текшириш қарори кутилажак эди ва мен учун "сюрприз" бўлмади. Унинг натижаси ҳам. Афсуски. ХОҚнинг навбатдаги қарори юзасидан қуйидагини айтмоқчиман. Айбловни тан олмайман. ХОҚнинг қарорини сиёсий мотивлаштирилган ва асоссиз деб ҳисоблайман. ХОҚнинг ички текширувлари натижаларини ҳам, бу текширув жараёнини ҳам тан олмайман, улар шаффоф эмас. Бу қарор юзасидан арз қиламан. ХОҚ “экспертлари” ва бу “қарор”дан хурсанд бўлганларга шуни эслатмоқчиманки, биринчидан мен Олимпиада шоҳсупаларининг энг юқорисида 3 марта турганман ва бундан барча ҳис-туйғуларни ҳис қилганман – буни бошқача ҳис қилиш мумкин эмас. Бугун ҳам мухлисларнинг ўшанда ғалаба сари йўлимда ҳис қилган қўллаб-қувватловини ҳис қилмоқдаман. Бу туйғуларни мендан ҳеч ким ололмайди. Мен ўзимга 3 карра Олимпия чемпиони бўла олишимни исботладим. Мен ўз мақсадимга эришдим. Барча медалларим ўзимда қолади. ХОҚга 2020 йилги Олимпиада ғолибларини тақдирлашни 10 йилдан кейин ўтказишни, спортчиларга эса 10 йилдан кейинги текширувдан олдин ўзларини ғолиб ҳисобламасликларини тавсия қиламан”, деб ёзган Таймазов.

Маълумот учун, 2017 йил апрелда Халқаро Олимпия қўмитаси допинг сабаб собиқ курашчини 2008 йилги Пекинда ўтказилган Олимпиада олтин медалидан маҳрум қилганди.

Таймазов ҳисобида 2004 йилги Афинадаги Олимпиада олтин медали ҳамда 2000 йилги Сиднейдаги Олимпиада кумуш медали қоляпти. Спортчи, бундан ташқари, 2 карра жаҳон чемпиони, Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг энг совриндор спортчиси ҳисобланади.

Бугунги кунда 40 ёшли Артур Россия Давлат Думаси депутати, думанинг жисмоний тарбия, спорт, туризм ва ёшларни қўллаб-қувватлаш қўмитаси раиси ўринбосари ҳисобланади.


Мақола муаллифи

Теглар

Артур Таймазов медаль

Баҳолаганлар

66

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг