Ўзбекистон етмаган Ойни газ ва “свет” нархи забт этди

Таҳлил

image

Паст ойлик маош, ишсизлик, инфляция, юқори нархлар, сўмнинг долларга нисбатан қадрсизланиши, Россиядан мигрантларнинг чиқариб юборилаётгани... Бу “Ўзбекистон 24” телеканалида ҳеч қачон тилга олинмайдиган, аммо ўзбекистонликлар ҳар куни танасидан ўтказиб, ҳис қилиб яшаётган иқтисодий муаммолардир. Энди шу муаммолар қаторига 1 майдан бошлаб каррасига оширилган газ ва “свет” нархлари ҳам қўшилди. Ўртача ойлик маош 3,7 миллион сўм (Статистика агентлиги маълумоти) бўлган, озиқ-овқат маҳсулотлари ва ижара нархи Европаникига тенглашадиган Ўзбекистонда ҳар ойда қайсидир тўловлар миқдори оширилиши одат тусига кирган.

Энг ёмони, “ислоҳот”ларда халқнинг хоҳиш-истаклари, ижтимоий-иқтисодий ҳолати инобатга олинмаяпти. Нефть ва газ каби энергетик ресурслар баъзи давлатларнинг бойишига, аҳолиси фаровон яшашига хизмат қилаётган бўлса, ўзбекистонликларни бойитиш ўрнига камбағаллаштиришга хизмат қилаётгандек. Инфляцияни ошириш, аҳолини иқтисодий танг ҳолатга келтиришга сабаб бўладиган энергетик ислоҳот ўзини оқлайдими? QALAMPIR.UZ аҳоли ва иқтисодчиларнинг бу борадаги фикрини ўрганди.

Янгиланган “свет” ва газ тарифлари

Аввал “свет” ва газ нархлари 1 майдан қандай ўзгарганини эсга олсак. Электр энергияси нархи истеъмолчиларнинг I, II ва IV гуруҳларига кирувчи қисмига ўзгаришсиз қолди – 1 кВт/соат учун 900 сўм ва 1000 сўм.

Истеъмолчиларнинг III гуруҳи, шу жумладан, марказлашган ҳолда электр плиталари билан жиҳозланган кўп қаватли уй-жойлар ва ётоқхоналарда яшовчи маиший истеъмолчилар учун қуйидагича тарифлар амал қилади:

  • ойига 200 кВт/соатгача – 225 сўм;
  • ойига 201 кВт/соатдан 1 000 кВт/соатгача – 450 сўм;
  • ойига 1 001 кВт/соатдан 5 000 кВт/соатгача – 675 сўм;
  • ойига 5 001 кВт/соатдан 10 000 кВт/соатгача – 787,5 сўм;
  • ойига 10 000 кВт/соат ва ундан юқори – 900 сўмдан этиб белгиланди.

Қолган маиший истеъмолчилар учун эса бир ойдаги истеъмолдан келиб чиқиб:

  • ойига 200 кВт/соатгача – 450 сўм;
  • ойига 201 кВт/соатдан 1 000 кВт/соатгача – 900 сўм;
  • ойига 1 001 кВт/соатдан 5 000 кВт/соатгача – 1 350 сўм;
  • ойига 5 001 кВт/соатдан 10 000 кВт/соатгача – 1 575 сўм;
  • ойига 10 000 кВт/соат ва ундан юқори – 1 800 сўмдан этиб белгиланди.

Табиий газ

Табиий газ нархи барча истеъмолчилар учун тўлов миқдори ўзгаришсиз, яъни бир кубометр учун 1 500 сўмдан, йирик улгуржи истеъмолчилар ҳамда бюджет ташкилотлари учун ҳам табиий газ нархи ўзгаришсиз – бир кубометр учун 1 800 сўмлигича қолди.

Коммунал-маиший эҳтиёжлар учун аҳолига мавсумга қараб нарх белгиланди. Хусусан, ноябрь-февраль ойлари давомида бир ойдаги истеъмолдан келиб чиқиб:

  • oйига 500 куб метргача – 650 сўм;
  • ойига 501 куб метрдан 2 500 куб метргача – 1 500 сўм;
  • ойига 2 501 куб метрдан 5 000 куб метргача – 1 950 сўм;
  • ойига 5 001 куб метрдан 10 000 куб метргача – 2 275 сўм;
  • ойига 10 001 куб метр ва ундан юқори миқдорда табиий газ истеъмол қиладиганлар бир куб метр учун 2 600 сўмдан тўлаши белгиланди.

Март-октябрь ойларида истеъмолчилар бир ойдаги истеъмолидан келиб чиққан ҳолда қуйидагича ҳақ тўлайдилар:

  • ойига 100 куб метргача – 650 сўм;
  • ойига 101 куб метрдан 2 500 куб метргача – 1 500 сўм;
  • ойига 2 501 куб метрдан 5 000 куб метргача – 1 950 сўм;
  • ойига 5 001 куб метрдан 10 000 куб метргача – 2 275 сўм;
  • ойига 10 001 куб метр ва ундан юқори миқдорда табиий газ истеъмол қиладиганлар бир куб метр учун 2 600 сўмдан тўлайди.

Аҳолига маиший эҳтиёжлар учун сотиладиган суюлтирилган газнинг бир килограмми учун тўлов 1 600 сўм этиб белгиланди. 2024 йилнинг 1 июнидан бошлаб эса автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари учун бир куб метр табиий газ 1 800 сўмдан етказиб берилади.

Нархларни эркинлаштириш

Бир неча йиллардан буён иқтисодчилар энергетика тизими ислоҳотларга муҳтож экани, нархларни эркинлаштириш ва истеъмолчиларни тоифаларга ажратиш зарурати ҳақида гапириб келади. Ўзбекистонда истеъмолчиларга 1 майга қадар электр энергияси ва газ ўз таннархидан паст бўлган нархда етказиб берилар эди. Давлат монополиясига асосланган бу тизим шу пайтгача давлат бюджетидан миллиардлаб субсидия олишга ўрганиб қолган. Оддий аҳоли эса ҳам тўғридан-тўғри электр ва газ истеъмоли учун, ҳам солиқлар орқали субсидия учун энергетикларга пул тўлаб келган.

Масалан, 2021 йилни “Ўзтрансгаз” 2,5 трлн сўм, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” 2,1 трлн сўм зарар билан якунлаган эди. 2022 йилда ёлғиз “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари”нинг зарар миқдори 4,34 трлн сўмга етган. Бу зарарлар қаердан қопланади? – Албатта, сиз ва бизнинг солиқларимиз ҳисобига тўладиган давлат бюджетидан. Энергетика вазирлиги бу ҳолатни электр ва газнинг аҳолига ўз таннархидан паст қийматда етказиб берилаётгани билан изоҳлаган эди.

Вазирликнинг маълум қилишича, 200 кВт соат электр энергияси ишлатадиган хонадон 101 минг сўм субсидиядан фойдаланган бўлса, 2000 кВт соатлик электрдан фойдаланганлар 1 млн 10 минг сўм субсидия олган. Энди, катта завод ва фабрикаларга эгалик қилувчи олигархларнинг қанча субсидия билан таъминланганини тасаввур қилиб кўраверинг. Янгиланган тарифлар бўйича эса кичик истеъмолчилар камроқ, катта истеъмолчилар кўпроқ тўлайди. Нархларни эркинлаштириш яхши қадам, лекин бундай юқори нархлар қаердан келиб чиққан?

Нархлар оширилишидан бир ой олдин иқтисодчи Отабек Бакиров бу ҳақда қуйидагича ёзган эди:

“Мазкур режаларнинг қизиқ ва айни бир пайтда ўта хавотирли тарафи, кутилаётган энергетик ислоҳотларда таннархга урғу берилаётгани. Чунки айнан шонли энергетикларимиз ўзларининг самарасиз лойиҳалари ва хатоларини доимий равишда таннархни “шишириш” билан оқлаб-“кўк”лаб келадилар…

Энди 7 йиллик самарасизликни таннархни оширишга йўналтириб, сувдан қуруқ чиқаётганлар энергетика ислоҳотини амалга оширувчиларга айланмоқда. Ислоҳотлар бошланмасдан туриб обрўсизлантирилиши учун бундан ортиқ яна нима керак? Биз нима учун, уларнинг қайси кўрсатган кароматига 7 йилдан бери ўзгармай қолаётган энергетиклар жамоасига яна ишонишимиз керак? Энергетиклар қўлига топшириладиган энергетика ислоҳоти бу фақат нархларнинг улар истаган даражагача оширилиши билан якун топади, холос. Бозорга бир қадам ҳам қўйилмайди, бир манбага уларнинг сиғинган оқ хўжаларига қарамлик ортаверади, диверсификация бўлмайди. Оғир ижтимоий ва иқтисодий оқибатлар яратаётган энергетик кризис эса давом этаверади”.

Дарҳақиқат, 1 майдан тарифлар ўзгарди ва унда энергетик ресурслар таннархи асос қилиб олинди. Иқтисодчи Бакиров эса яна 2 йил ичида газ таннархи 42,9 фоизга, электр энергияси таннархи 25 фоизга шиширилганига эътибор қаратди.

“Масалан, қандай қилиб Ўзбекистоннинг 60 фоиздан кўп газини берадиган “Ўзбекнефтгаз” 600 сўмдан сотаётган газнинг таннархи 2000 сўмга чиқиб қолиши мумкин? Ҳисоб-китобга қулай бўлиши учун UzGastrade (табиий газ сотиш ва сотиб олиш бўйича ягона оператор)дан кейинги бошқа харажатларни истисно қилиб турсак, шимолдагилар ва олигархия назоратидаги компаниялардан газ 4000 сўмгача нархда сотиб олинаётган бўлиб чиқади. Европадаям йўқ-ку бунақа нарх?” деб ёзган эди Бакиров.

Энергетика вазирлиги маълумотларига кўра:

  • 2022 йилнинг май ойида 1 кВт соат электр энергияси таннархи 800 сўм, 1 куб метр газ таннархи 1400 сўм бўлган;
  • 2023 йилнинг сентябрь ойида эса 1 кВт соат электр энергияси таннархи 970 сўм, 1 куб метр газ таннархи 1890 сўм;
  • 2024 йилнинг апрель ойида 1 кВт соат электр энергияси таннархи 1000 сўм, 1 куб метр газ таннархи қарийб 2000 сўмга етган.

Президент Шавкат Мирзиёев 2020 йилдан бошлаб ҳар йили электр энергияси таннархини пасайтириш бўйича энергетикларга топшириқ бериб келади. 2024 йилнинг январь ойида эса президент иқтисодиётда таннархни қисқартириш ва самарадорлик йили бўлишини айтган эди.

Энергетика вазирлиги таннархни пасайтириш у ёқда турсин, таннархларнинг нега бу қадар кўтарилиб кетгани бўйича ҳеч қандай маълумот бермайди. Аномал совуқ вақтида аҳолини газ ва “свет”сиз қолдиргани, электрни узлуксиз етказиб бериш ваъдасини бажармагани, чекка ҳудудларни ҳали-ҳамон газ билан таъминламагани учун халқдан узр сўрашни ўзига муносиб кўрмаган вазирликдан ҳисобот сўраш ҳам, аслида, ноўрин.

“Газ-свет нархини ошириш хато эканини англаш учун бор-йўғи 6 ой керак бўлади”

Иқтисод фанлари доктори, профессор Тўлқин Бобоқулов QALAMPIR.UZ’га энергетик ресурслар нархларини ошириш хато қарор бўлганини айтиб, ҳукумат қандай риск олдида тургани ҳақида гапириб берди:

“Электр ва газ нархининг ошиши бошқа тармоқларда ҳам нархларнинг кўтарилишига олиб келади. Бундан ташқари, аҳолига компенсация бериляпти, бу эса давлат бюджети харажатларини оширади. Мазкур ислоҳот юқори самара бермаслиги аввалдан маълум. Ҳозир инфляцияга қарши кураш кетаётган, инфляцион босим кучли бўлаётган бир пайтда ёқилғи энергетиканинг нархини оширмаслигимиз керак эди. Нарх кўтарилгани билан энергетикадаги муаммолар ечилмайди, инфляция ошгани қолади. Агар ҳукумат компенсация механизмини ишлатмоқчи бўлса, комплекс тарзда, узоқ муддатли, бир-бирига боғлиқ бўлган тадбирлар ўтказиши зарур эди. Масалан қандай? Ишлаб чиқарувчиларнинг ўзига субсидия бериш, бир томондан эса, аҳолининг даромадини ошириб бориш сиёсатини қўллаш керак. Бу иш комплекс тарзда амалга оширилмаса, натижа бермайди. Нархни кўтаришнинг салбий самарасини кўриш учун бизга 6 ой етади. 6 ой ўтмасдан, бу қарор хато эканини тушуниб етамиз”.

Аҳолининг муносабати

Газ ва “свет” нархи оширилиши ҳақида хабар берилганидан буён ижтимоий тармоқлар бу ҳақдаги муҳокамалар ва норозиликларга тўлди. Instagram, Youtube, Facebook, Х (Тwitter) қайси тармоққа кирманг, қандай контент томоша қилманг, албатта, энерготарифлар оширилишидан норози бўлиб ёзилган изоҳга кўзингиз тушади.

QALAMPIR.UZ ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида фойдаланувчилар ўртасида сўровнома ўтказди. Унда қатнашганларнинг ҳаммаси газ ва “свет” нархи оширилишига норозилигини билдирди.

“Ҳамма ресурслар ўзимизда бор бўлса, қаердан шунча нарх-наволар?”, деб ёзган сўровнома қатнашчиларидан бири.

“Коммунал тўловлар нархи 40-60 фоиз кўтарилади, лекин ойликлар 10 фоиз (2023 йилда 7 фоиз) оширилади, холос. Қани адолат?”, деб сўраган яна бир респондент.

Иштирокчилар орасида кўпчилик нархлар оширилгани ҳақида гапиришни бефойда, деб ҳисоблайди.

Энергетик тармоқни хусусийлаштириш

 “Ўзбекча хусусийлаштириш” деган атамани эшитганмисиз? Билмасангиз, билиб олинг: бирон олғир харидор келиб, ҳукуматга таклиф киритади ва “қаровга муҳтож бўлган” бирон жойни илиб кетади ёки, аксинча, ҳукумат қайсидир тадбиркорга қайсидир объектдан фойдаланишни таклиф қилади, харидор билан келишувга эришади ва кўз очиб юмгунча халқ “бизники” деб турган жой хусусийлашган бўлади. Ҳар икки ҳолатда ҳам давлат мулки қанчага сотилгани, қандай шартлар билан берилгани айтилмайди. Бу юртга тендерлар бегона (Беморларни зарур дорилар билан таъминлашга келганда, албатта, тендер ўтказилади, бу ҳақда кейинроқ QALAMPIR.UZ’да).

Энергетика вазирлиги ҳам энергетикани ўзбекчасига хусусийлаштирмоқчи. Монополь “Иссиқлик электр станциялари” акциядорлик жамияти устав капиталидаги 51 фоиз улуши сотилиши режалаштирилмоқда. "Иссиқлик электр станциялари" Ўзбекистондаги деярли барча ИЭСнинг эгаси ҳисобланади. Ҳукумат нега ҳар бир ИЭСни алоҳида-алоҳида сотувга чиқариш ўрнига монополь компаниянинг 51 фоизлик улушини сотмоқчи? Давлат монополияси хусусий монополияга айлантириладими, буниси ҳали номаълум.

“Газ ва “свет” нархи бозор механизмларини жорий қилиш, энергия ишлаб чиқарувчи корхоналарга ёрдам бериш учун амалга оширилди, лекин мен бунда бозор механизмларини қўллаб-қувватловчи ҳеч қандай чорани кўрмаяпман. Фақат нархларни ошириб қўйиш ислоҳот эмас. Энергия нархинини ошириб, бошқа корхона ва кичик тадбиркорлик субъектларини оғир аҳволга солиб қўямиз. Бундан ташқари, эндиликда электр токи ўғрилари кўпаяди. Ток ўғирлашнинг энг кенг тарқалган усули ҳаммага маълум: масъуллар билан келишган ҳолда электр токи ўғирланади ва масъуллар “электр узатиш давомида йўқотишлар кўп бўлди” деб ёзиб қўяди. Электр токининг 1 фоизи йўқотилган тақдирда ҳам бу миллиардлаб зарар дегани”, дейди Тўлқин Бобоқулов.

Ваъдасида турмаган энергетиклар

Мустақил Ўзбекистонда туғилган авлод борки, энергетикларнинг фалон йилдан бошлаб “свет” ўчмайди, деган ваъдаларини эшитиб улғайган бўлса керак. Камига Сенат раисининг “свет” ўчиши тарихга айланди”, деган гапи уларга янада куч берди. Қишлоқлар аҳолиси эса, балки овулига қачондир газ келишига ишонмай ҳам қўйгандир. Ваҳоланки, энергетикани ривожлантириш, “яшил” энергетикага ўтиш учун давлат бюджетидан миллиардлаб пул ўзлаштирилади, хориждан миллионлаб доллар кредит, инвестиция жалб қилинади. (Шунча пуллар қаёққа кетяпти?)

Масалан, Ўзбекистонда 2019-2022 йилларда иссиқлик, қуёш ва шамол электр станцияларини қуриш бўйича хорижий инвесторлар билан жами 6 миллиард 919 миллион долларга тенг 19 та битим имзоланган. 2023 йилда яшил энергетикани янада ривожлантириш мақсадидаги битимлар миқдори 9 миллиард доллардан ошган. Мана, орадан 5 йил ўтди, лойиҳаларнинг қайси бири амалга оширилиб, қайси бир электростанция ишга туширилди? ССРдан қолган, ҳавони зўр бериб заҳарлаётган иссиқлик электростанциялари ҳали-ҳануз Ўзбекистонни электр энергияси билан таъминловчи асосий манба бўлиб хизмат қилмоқда.

2023 йилнинг сентябрь ойида Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов QALAMPIR.UZ’га давлат истеъмолчиларни электр энергияси билан барқарор таъминлай олсагина, унинг нархи таннархидан оширилишини айтган эди.

“Аҳоли учун табақалаштирилган тарифларни белгилашдан олдин биз, энг аввало, узлуксиз электр энергияси етказиб беришни таъминлашимиз керак. Яъни нарх ошсаю, лекин яна электрда узилиш бўлаверса, аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлади. Шу сабабли биз ҳозирда генерацияларни ошириш, тармоқларни модернизация қилиш ишларини жадаллаштиряпмиз", деган эди Мирзамаҳмудов.

Аҳоли барқарор электр энергияси билан таъминланмади, аммо нархлар оширилди. Шу йилнинг апрель ойида Энергетика вазирлиги матбуот котиби Ҳасан Тошхўжаев узлуксиз электр энергияси ва табиий газ етказиб бериш муддатини яна 3-4 йил кейинга сурди.

“Олдимизда яна камида 3-4 йиллик иш турибди. 3-4 йилдан кейин – 2027-2030 йилларгача насиб қилса электр энергияси ва табиий газ етказиб беришда ҳеч қандай муаммолар бўлмайди деб ваъда бера оламиз”, дейди у.

Илғор мамлакатлар Ойдаги ҳудудларни бўлиб олаётган бир пайтда Ўзбекистон қишга тайёргарлик кўриш-у, қишдан талафотсиз чиқиб олиш дардида. Узоқ кутилган энергетика ислоҳоти ҳам аҳолининг ҳафсаласини пир қилиб улгурди. Рақобатга кириша оладиган, аҳоли билан савдолашадиган, ўзбекистонликларга танлов имкониятини берадиган энергетик компаниялар эса фақат орзулигича қолиб кетяпти. Ойга эса ҳали анча борга ўхшайди!


Мақола муаллифи

Теглар

Энергетика вазирлиги газ-свет нархи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made